Ҳукумат инвестицион лойиҳанинг дастлабки параметрларини тасдиқлади (ВМнинг 15.06.2019 йилдаги 501-сон қарори).
Йилига 4 млн тонна портландцемент ишлаб чиқариш қувватига эга завод қурилиши $400 млн (тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар)га тушади. Бу ерда М500, М600, М900 маркали цемент ва оқ цемент ишлаб чиқарилади. Ишлаб чиқариш ҳажмининг камида чорак қисмини экспортга етказиб бериш мўлжалланмоқда. Ишлаб чиқариш қувватларини 2021 йил декабрь ойида ишга тушириш кўзланмоқда. Завод 1 500 кишини иш билан таъминлайди.
Хорижий корхона-инвестор («UTD-Holdings» МЧЖ) томонидан ташкил этилган «UTD Cement» МЧЖ лойиҳани амалга ошириш билан шуғулланади. Қурилиш учун Жиззах вилояти Фориш туманида 74 гектар ер майдони ажратилади. Қурилиш ишларини лойиҳа-смета ҳужжатларини бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқиш билан амалга оширишга рухсат берилди. Лойиҳани амалга ошириш доирасида «UTD Cement» МЧЖга солиқ, божхона имтиёзлари ва бошқа преференциялар берилди.
Маълумот учун: бу 2019 йилдаги биринчи шу каби лойиҳа эмас. Илгари Жиззах вилоятининг Зафаробод тумани ва Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида қурилиш тўғрисида қарор қабул қилинган эди, сентябрь ойида эса Андижон вилоятининг Булоқбоши туманидаги завод иш бошлаши керак.