Экспертлар 25 июнь куни янги таҳрирдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар. Бу ҳақда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирда мутасадди вазирлик ва идоралар, Олий Мажлис палаталари, ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари иштирок этди.
ННТ секторининг янада ривожланиши фуқароларни давлат бошқарувида иштирок этишга ундаш, аҳолининг ҳуқуқий ва сиёсий хабардорлигини оширишга хизмат қилади.
Президентнинг 2018 йил 4 майдаги “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5430-сон Фармони билан ННТ фаолиятини тартибга солувчи қоида ва тартиб-таомилларга қатор ўзгартиришлар киритилди. Масалан, режалаштирилаётган тадбирларни рўйхатдан ўтказувчи орган билан келишиш ўрнига уни хабардор қилиш кифоя. Мазкур Фармон билан ўрта муддатли ва узоқ муддатли истиқболда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини аниқлаш ва миллий моделини шакллантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган. Тегишли давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари орасидан ишчи гуруҳ шакллантирилди.
Экспертлар ННТ тўғрисидаги Ўзбекистон қонунчилиги “Жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги ва бошқа юзга яқин катта ҳажмдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинишини таъкидладилар. Бир қатор такрорловчи нормалар мавжуд, баъзилари эса бир-бирига зид. Бу эса ННТлар соҳасида тўғридан-тўғри амал қилувчи ягона тизимлаштирилган қонун нормасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Умумлаштирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат давлат ва ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш жараёнларига ННТни жалб қилиш даражасини ошишига хизмат қилувчи қулай ҳуқуқий муҳитни шакллантиради. У ННТ моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, уларнинг давлат томонидан қарорлар қабул қилишда ва жамият бошқарувида роли ва аҳамиятини оширишга кўмаклашади.
Конструктив руҳда бўлиб ўтган муҳокамалар давомида қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан фикр ва таклифлар ишлаб чиқилди.