Президент 10.07.2019 йилдаги “Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Жарималар – фақат молиявий
Тадбиркорлик субъектларининг мансабдор шахслари ва ходимлари, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун жиноий ва маъмурий жавобгарликдан озод этилиши мумкин. Бунинг учун тадбиркорлик субъекти:
- аниқланган ҳуқуқбузарликни тан олиши;
- солиқ органининг қарорини олган кундан эътиборан 10 кун муддат ичида молиявий жарималарни ихтиёрий равишда тўлаши керак.
ҚҚС – янги қоидалар
2020 йил 1 январдан бошлаб:
- ҚҚСни тўлашга ўтадиган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар солиқ органларида ушбу солиқнинг тўловчиси сифатида мажбурий ҳисобга олинади ва бу ҚҚС суммасини ҳисобга олишнинг шарти ҳисобланади;
- ҚҚСни тўлашга ўтишда унинг суммаси ҚҚСни тўлашга ўтилган санадан аввалги охирги 12 ойда харид қилинган товар-моддий захираларнинг тасдиқланган қолдиқлари бўйича реализация ҳажмига мос келадиган улушда ҳисобга олинади;
- ҚҚСни тўлашга ўтиш ёки ЯСТни тўлашни рад этиш тўғрисидаги хабарнома ҚҚСни тўлашга ўтиладиган ой бошланишидан олдин 10 иш кунидан кечиктирмасдан тақдим этилади.
«Tax free», солиқ кредити ва бошқа топшириқлар
Биринчидан, онлайн-НКМлари чеклари билан тасдиқланган харажатлар бўйича жисмоний шахсларга даромад, мол-мулк ва ер солиқлари бўйича чегирмалар бериш ёки чекларда кўрсатилган қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариб бериш режалаштирилаётир. ДСҚ аниқ таклифларни 2 ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритиши лозим. Келаси йилдан бошлаб эса инсофли тадбиркорларни рағбатлантириш ва жамоатчилик назоратини ривожлантириш мақсадида “Чекни талаб қил ва совға ютиб ол” оммавий акцияларини ўтказишни бошлайдилар.
Иккинчидан, Молия вазирлиги ва ДСҚ 3 ой муддатда қуйидагиларга тааллуқли таклифларини Вазирлар Маҳкамасига киритади:
- чет эл фуқаролари томонидан Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтишда харид қилинган товарлар учун тўланган ҚҚСни қайтариш (“Tax free”) тартибини белгилаш;
- cолиқлар бўйича тўловларни кейинчалик бўлиб-бўлиб фоизи билан қайтариш орқали камайтиришни назарда тутувчи “инвестициявий солиқ кредитлари” институтини жорий этиш;
- молиявий жарималарни ундиришнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш: қарорни олган кундан бошлаб унинг 50%ини 10 кун давомида ихтиёрий равишда тўлаганда, қолган суммани тўлашдан озод этилади;
- ялпи тушумнинг чегаравий миқдорини сунъий пасайтиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга (бўлиниш, янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш ва бошқалар) чек қўйиш. Мазкур ҳолатлар аниқланганда тўланиши лозим бўлган солиқлар суммасига солиқ органлари тузатиш киритиши ва уларни суд тартибида ундириши мумкин.
Учинчидан, 2019 йил 1 декабрга қадар солиқ ҳисоботини топшириш тизими билан интеграция қилинган Бухгалтерия ҳисобининг ягона ахборот тизимини ишга туширишлари керак. У бухгалтерия ҳисобини амалга ошириш ҳамда солиқ органлари ўртасида реал вақт режимида маълумотлар алмашиш имконини беради. 1.01.2020 йилдан бошлаб бу тизимдан фойдаланувчи тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолияти ушбу дастурий маҳсулотни қўллаган даврида текширилмайди.
Тўртинчидан, Транспорт вазирлиги 3 ой муддатда “UzTrans” ягона интерактив ахборот тизими базасида “Юк ташишлар мониторинги” ахборот платформасини ишлаб чиқади. У юк ташувчилар томонидан товарнинг кузатув ҳужжатларини (ҳисобварақ-фактура (инвойс), юк хати ва бошқа ҳужжатларни) рўйхатдан ўтказишни, юк жўнатувчилар ва уни қабул қилиб олувчилар томонидан реал вақт режимида товарлар ҳаракатини мониторинг қилишни таъминлайди. Келаси йил бошидан бошлаб юк ташувчилар томонидан товарнинг кузатув ҳужжатларини ахборот платформасида рўйхатдан ўтказиш мажбурий бўлади.
Олег Заманов.