“O‘zbekiston tarixi” телеканали ташкил этилади (11.07.2019 йилдаги ПҚ-4390-сон қарорга қаранг).
У Ўзбекистон МТРКнинг “O‘zbekiston” телерадиоканали” ДУК қошидаги “UzHD” телеканали негизида юридик шахс ташкил этмасдан ташкил этилади. HD форматидаги янги канал республиканинг бутун ҳудуди бўйлаб тарқатиладиган рақамли кўрсатувнинг ҳаммабоп ижтимоий пакети таркибига киритилади. Эфирга узатиш шу йил 1 сентябрдан бошланади.
Қуйидагилар янги канал фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари ҳисобланади:
- жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ғоят катта илмий, маданий ва маънавий ҳиссаси ҳақида мамлакатимиз аҳолисини, шунингдек, чет эл жамоатчилигини кенг кўламда хабардор қилиш;
- ҳар бир воқеанинг мазмун-моҳиятини изчил ва тизимли очиб бериш орқали буюк тарихимизнинг барча даврларини чуқур илмий тадқиқотларнинг холисона натижалари асосида кўрсатиб берувчи ахборот-таҳлилий ва мавзули телекўрсатувлар, ток-шоу, “давра суҳбатлари”ни юқори профессионал ва ғоявий-бадиий савияда тайёрлашни ташкиллаштириш;
- буюк ватандошларимизнинг бебаҳо меросини кенг кўламда ўрганиш ва оммалаштириш мақсадида уларнинг ҳаёт йўли ва қаҳрамонлиги тўғрисида, шунингдек, дунё аҳамиятига эга бўлган Ўзбекистон энг янги тарихининг ғоят ёрқин ва унутилмас саҳифалари ҳақида ҳикоя қилувчи илмий-оммабоп дастурлар ва ҳужжатли фильмлар туркумларини яратиш;
- доимий ишлаб турувчи телевизион студия – “мунозара майдончаси” фаолиятини таъминлаш, Ўзбекистон тарихи бўйича илмий тадқиқотлар натижаларини, маданий ва кўҳна ёдгорликларни сақлаш билан боғлиқ муаммоларни, шунингдек, халқимиз тарихига тааллуқли ва умуммиллий аҳамиятга эга бўлган бошқа ғоят муҳим масалаларни очиқ муҳокама қилиш учун олимлар, тарихчилар, тадқиқотчилар, ўқувчи-ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакилларини таклиф қилиш;
- халқимизнинг моддий ва номоддий мероси, Ўзбекистон тарихи билан боғлиқ бўлган нодир қўлёзмалар, китобларни излаш, амалий санъат буюмлари ҳамда бошқа қимматли топилмаларни ўрганиш натижалари бўйича махсус телекўрсатувлар тайёрлаш;
- хорижий телеканаллар, илмий-тадқиқот марказлари ва жамғармалар томонидан тайёрланган, жаҳон тарихининг аҳамиятли лавҳаларини акс эттирувчи, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида минг йиллар давомида содир бўлган тарихий жараёнлар билан боғлиқ бўлган воқеалар ва шахслар тўғрисида ҳикоя қилувчи кўрсатувларни сотиб олиш, ўзбек тилига таржима қилишни ташкиллаштириш ва миллий телерадиоканаллар эфирларида жойлаштиришга кўмаклашиш;
- Ўзбекистон тарихи ва жаҳон тарихида ёрқин из қолдирган воқеалар ва шахсларга бағишланган маҳаллий ва хорижий бадиий фильмларни мунтазам намойиш қилиш, ушбу мавзу бўйича бадиий фильмлар ва телесериаллар яратишда иштирок этиш.
Телеканал тузилмаси 116 нафар ходимлар билан тасдиқланди. У МТРК таркибига кирувчи ташкилотлар ходимлари сонини оптималлаштириш ҳисобига шакллантирилади.
Телеканал Тошкент шаҳар, Олмазор кўчаси, 2-уй манзили бўйича Ўзбекистон МТРК биносида жойлаштирилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 11.07.2019 йилдан кучга кирди.
Константин Мосин.