22 июлдан бошлаб пойтахт ЙҲХБ ходимлари Мажбурий ижро бюроси вакиллари билан ҳамкорликда ЙҲҚни бузиб, жаримани белгиланган муддатда тўламаган ҳайдовчиларни аниқлашга қаратилган тадбирлар ўтказишни бошлади.
Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима 60 кун ичида тўланмаган тақдирда, транспорт воситаси иш юритиш тугагунига қадар ушлаб турилади. Бу ҳақда жарима солиш тўғрисида қарор чиқарган ваколатли орган раҳбари ёзма кўрсатма беради (МЖТКнинг 291-моддасига қаранг).
Бундан ташқари, Тошкентда қарздорларни автоматик тарзда аниқловчи 20 та, шу жумладан шаҳарга кириш/чиқиш ЙПХ постларида “Автокон” комплекслари ишламоқда. Шу боис муддати ўтган жарималари бор автоҳаваскорларни шаҳардан ташқарига чиқишда нохушлик кутиб туради – авто тўхтатилиб, жарима майдончасига жойлаштирилади. Тушунмовчиликни олдини олиш учун, идора қоидабузарларни жаримани ўз вақтида тўлашга чақиради.