Президентнинг 23 июлдаги қарорида ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганишни такомиллаштириш ва 2020-2021 йилларда минерал-хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш давлат дастурини амалга ошириш назарда тутилган.
Тармоқни ривожлантириш бўйича ҳужжатлар тўплами ишлаб чиқилди ва тасдиқланди:
а) Минерал-хом ашё базасини ривожлантириш стратегияси - замонавий халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани жорий қилишни ҳисобга олган ҳолда;
б) 2020-2021 йилларда минерал-хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш давлат дастури. У фойдали қазилмаларнинг истиқболли майдонларини қидиришни 2020 йилда 35%га, 2021 йилда эса 40%га етказишни назарда тутади. Ҳужжат:
- республиканинг геологик-иқтисодий ҳудудлари кесимида фойдали қазилмалар прогноз ресурслари ва захиралари ўсишининг йиғма параметрлари;
- ер ости сувлари захираларининг ўсиш параметрлари;
- Давлат геология қўмитасининг геология ташкилотлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва модернизация қилиш учун харид қилинадиган замонавий геология асбоб-ускуналари ва махсус техника воситалари, дастурий маҳсулотлар ва материаллар рўйхатини ўз ичига олган.
в) 2019-2020 йилларда геология-қидирув ишларини олиб боришни янада такомиллаштириш, ер қаърини оқилона ўрганиш ва ўзлаштириш, шунингдек, кон-геология соҳасининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш бўйича “Йўл харитаси”.
“Навоий КМК” ДК, унинг негизида ташкил этиладиган уранни қазиб олиш ва қайта ишлаш корхоналари, шунингдек, “Олмалиқ КМК” АЖ ресурс базасига кирувчи муайян геология объектлари алоҳида ажратилади, бошқа геологик объектлар ва Давлат геология қўмитаси томонидан янгидан аниқланадиган фойдали қазилма конлари ва истиқболли майдонлар салоҳиятли инвесторларга берилади.
Бир йилда камида 1 марта истиқболли майдонларда фойдали қазилмаларни аниқлаш ва қидириш, шунингдек, конларда фойдали қазилмалар қазиб олишни ташкиллаштириш бўйича инвестициявий таклифлар портфели шакллантирилади. Бу билан Давлат геология қўмитаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан келишилган ҳолда шуғулланади. Ушбу маълумотлар кўрсатилган идораларнинг расмий сайтларида жойлаштирилади ва бошқа воситалар билан, шу жумладан, бизнес тадбирларда ва чет элларда “road-show”лар ўтказиш орқали тарқатилади. Буларнинг барчаси салоҳиятли инвесторларни жалб қилишга хизмат қилади.
Яқин келажакда стратегик муҳим турдаги фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензияни расмийлаштиришни соддалаштириб, жадаллаштирадилар. Стратегик муҳим турдаги қаттиқ фойдали қазилмаларни ўзлаштириш учун инвестицияларни жалб қилиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича алоҳида қарор қабул қилинади.
Ҳужжат бошқа топшириқларни ҳам ўз ичига олган, Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида ўзгартиришлар назарда тутилган.
Олег Заманов.