Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлайди (Президентнинг 13.08.2019 йилдаги Фармони ва қарорига қаранг).
Муассасанинг номи ўзгартирилди (илгари – Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси) ва Вазирлар Маҳкамаси тасарруфидан янгидан ташкил этилган Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги тузилмасига ўтказилди. Жамғарманинг ижрочи директори бир вақтнинг ўзида Агентлик директорининг ўринбосари ҳисобланади.
Жамғармага қўшимча равишда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш юклатилди. Лойиҳалари бўйича молиявий ёрдам кўрсатиладиган аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами тоифаларининг рўйхати бир ой муддатда ишлаб чиқилади. Худди шу даврда молиявий кўмак олувчи салоҳиятли қарздорлар – кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларини танлашнинг аниқ мезонларини тасдиқлашлари керак.
Қўллаб-қувватлаш шакли ўша – кафолатлар, кафилликлар ва банкларнинг кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсациялар. Бироқ айрим миқдорий мезонлар ўзгарди:
биринчидан, кафиллик миқдори 2 млрд сўмдан 8 млрд сўмгача кўпайтирилди, бунда кафилликнинг энг кўп миқдори кредит суммасининг 50%игача миқдорда сақлаб қолинди.
иккинчидан, фоиз харажатларини қоплаш учун:
- суммаси 10 млрд сўмдан (илгари – 8 млрд сўм), фоиз ставкаси МБ қайта молиялаш ставкасининг 1,5 бараваридан ошмайдиган миллий валютадаги кредитлар учун – қайта молиялаш ставкасидан ошадиган, лекин 5 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисми;
- эквиваленти 10 млд сўмдан (илгари – экв. 8 млрд сўм) ошмайдиган хорижий валютадаги кредитлар учун – тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 30%игача (илгари - 40%), лекин 3 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда компенсация тақдим этилади.
Президентнинг аввал қабул қилинган ҳужжатлари ва Ҳукумат қарорлари билан тасдиқланган шартлар ўз кучини сақлаб қолади.
Нобанк кредит ташкилотлари ва лизинг компанияларининг ресурс базасини шакллантириш учун олинган кредитлар бўйича Жамғарма томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш кўрсатилмайди. Мазкур асос мавжуд асослар рўйхатига киритилди (Президентнинг 17.08.2017 йилдаги ПҚ-3225-сон қарори 3-банди “а” кичик бандига қаранг).
Қуйидагилар молиявий кўмак олиш учун аризаларни Жамғармага тақдим этиш юзасидан масъул ҳисобланади:
- кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари буюртмалари бўйича –тижорат банклари;
- аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари буюртмалари бўйича – туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, ССП, “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг ҳудудий бўлинмалари.
Бунда аризаларни кўриб чиқиш электрон ҳужжат айланиши форматида амалга оширилади. Бунинг учун “Тадбиркор” ахборот тизими ишга туширилади. Унинг ёрдамида тижорат банклари ва Жамғарма ўртасида маълумот алмашиш, кафиллик, кафолатлар ва компенсация бериш тўғрисида электрон шартномалар тузиш амалга оширилади. Шу тариқа, кредит буюртмаларини кўриб чиқиш ва ижро этишнинг боришини реал вақт режимида кузатиб бориш мумкин бўлади. Маҳсулот ДСҚ, Давстатқўм, Давлат хизматлари агентлиги ва Ўзбекистон банклари ассоциациясининг ахборот тизимлари билан интеграциялаштирилади.
Олег Заманов.