У Президент Администрацияси ҳузурида фаолият кўрсатади, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш соҳасидаги жиддий муаммоларни жадаллик билан тезкор ва самарали ҳал қилиш мақсадида давлат органлари ва ташкилотлари ресурсларини жалб қилади (Президентнинг 3.10.2019 йилдаги ПҚ-4471-сон қарорига қаранг).
Энди Президент Администрацияси ҳузурида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳам фаолият кўрсатади (1999 йилда Иқтисодий тадқиқотлар маркази сифатида ташкил этилган, таҳр.). Муассасага янги вазифалар белгиланди ва тузилмаси тасдиқланди.
Марказ негизида «open space» тамойили асосида очиқ инновацион платформа ташкил этилади. Унинг мақсади - давлат органлари ва ташкилотлари, таҳлилий ва тадқиқот марказлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, тадбиркорлик субъектлари, фуқаролик жамияти ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари, бошқа манфаатдор томонларнинг самарали тармоқлараро ва идоралараро ҳамкорлигини йўлга қўйиш.
Марказ тузилмасида акселераторнинг ишчи органи бўлади. Президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари бир вақтнинг ўзида Марказ директори ва акселератор раҳбари ҳисобланади.
Ҳар чоракда тармоқлараро ва идоралараро даражада ҳал қилиниши зарур бўлган муаммоли масалалар рўйхати тузилади. Унинг асосида Марказ томонидан олиб борилаётган тадқиқотлар натижалари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиш ва уларнинг натижадорлигини баҳолаш, ОАВ ва ижтимоий тармоқлар материалларини ўрганиш, вазирликлар ва идораларнинг таклифлари ётади.
Рўйхат Президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмалари ва Президент Администрацияси Ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил департаменти билан келишилади. У ОАВ ва Марказнинг расмий сайтида эълон қилинади. Рўйхатга киритилган ҳар бир муаммони ҳал қилиш учун ишчи гуруҳи шакллантирилади ва Марказдан мувофиқлаштирувчи тайинланади.
Олег Заманов.