Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига тегишли ўзгартиришлар киритилди (9.12.2019 йилдаги 979-сон ВМҚга қаранг). У уч ойдан кейин кучга киради.
Уланган қувватидан қатъи назар, крипто-актив ва майнинг соҳасида фаолиятни амалга оширувчи истеъмолчилар фойдаланган электр энергияси учун тўловларни тегишли тариф гуруҳига асосан белгиланган тарифга нисбатан 3 баробар ўсувчи коэффициентга мувофиқ тўлайди.
Яқин кунларда бундай истеъмолчиларни аниқлаш ва уларга ўсувчи коэффициентни қўллаш тартиби ишлаб чиқилади. Бу вазифани Энергетика вазирлигига Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда амалга ошириш топширилган.
Қарор иқтисодиёт тармоқларида энергия самарадорлигини ошириш ҳамда электр энергиясидан оқилона фойдаланишни кенг тарғиб этиш мақсадида қабул қилинган.
Маълумот учун:
- крипто-актив – блокчейндаги қиймати ва эгаси бўлган ёзувлар жамлиги;
- блокчейн – тақсимланган маълумотлар реестри, унда барча маълумотлар кетма-кет ёзилади ва блокларга тақсимланади, бунда ҳар бир янги блок криптографик имзо орқали аввалги блоклар билан боғлиқ бўлади;
- майнинг – турли криптовалюталарда янги бирликлар ва комиссия йиғимлари форматида мукофот олиш имконини берадиган тақсимлаш платформасини таъминлаш ва янги блоклар яратиш бўйича фаолият.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 11.03.2020 йилдан кучга киради.
Олег Заманов.