ДСҚ Ўзбекистонда жисмоний шахсларга электрон хизматлар кўрсатадиган чет эл юридик шахсларини ҚҚС тўловчилар сифатида ҳисобга қўйиш учун имкониятлар яратмоқда.
Электрон шаклдаги хизматлар деганда дастурий таъминотдан, шу жумладан Интернет тармоғи орқали етказиб бериладиган ўйинлардан, электрон китоблардан, таълимга оид материаллардан, мусиқа асарлари ва бошқалардан фойдаланишга бўлган ҳуқуқларни тақдим этиш тушунилади.
Бундан буён интернет-компаниялар ҚҚС-офис орқали ҳавола бўйича солиқ органида ҳисобга қўйилади. Сайт рус ва инглиз тилларида фаолият юритади. Унинг ёрдамида чет эл юридик шахслари Ўзбекистонда ҚҚС тўловчи сифатида ҳисобга туриш учун ариза бериши, шахсий кабинетдан онлайн режимида фойдаланиши, ҳисобот топшириши ва солиқ тўлаши ҳамда саволларга жавоб олиши мумкин.
Шахсий кабинетдан фойдаланиш учун ҳисобга туриш тўғрисида тегишли ариза тақдим этилиши лозим. Буни онлайн тарзда «Ариза тақдим этиш» бўлимида амалга ошириш мумкин. Мазкур ҳолатда шакл тўлдирилади, унда компания номи, унинг манзили, электрон почтаси, рўйхатдан ўтган мамлакати, кўрсатадиган хизматлари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади. Аризага келиб чиқиш мамлакатининг чет эл юридик шахслари реестридан кўчирма ёки чет эл ташкилотининг юридик мақомини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат илова қилинади.
Барча зарур маълумотлар тақдим этилган тақдирда, шахсий кабинетдан фойдаланиш 15 кун ичида фаоллаштирилади, бу ҳақда рўйхатдан ўтишда кўрсатилган электрон қутига хабарнома келиб тушади.
Баён этилган тартиб Ўзбекистондаги доимий муассасалар орқали бевосита хизматлар кўрсатадиган чет эл компанияларига татбиқ этилмайди. Улар маҳаллий ташкилотлар учун назарда тутилган умумбелгиланган тартибда ҚҚС тўловчи сифатида ҳисобга туриши лозим.
Йил бошида солиқчилар янги киритилган нормаларни ва техник имкониятларни тайёрлашга муайян вақт талаб этилишини ҳисобга олган ҳолда, ўз вақтида ҳисобга қўйилмаганлиги учун жарима солинмайдилар.