Президентнинг 18.02.2020 йилдаги “Хусусий тиббиёт ташкилотларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4606-сон қарори қабул қилинди.
“Асака” АТБ орқали $28 млн миқдорида мақсадли имтиёзли маблағлар ажратилиши натижасида республиканинг барча ҳудудларида хусусий клиникаларни замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш бўйича 286 та лойиҳа амалга оширилди.
Амалиёт ўзини оқлани боис, хусусий тиббиёт соҳасидаги лойиҳалар қийматининг 60%игача молиялаштириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг банкка $50 млн миқдордаги кредит линияси очилади. Шартлари - 10 йилгача муддатга 3 йиллик имтиёзли давр билан, йиллик 5% ставка билан ("Асака" АТБ маржасини ҳисобга олмасдан).
Ушбу маблағлар янги импорт тиббиёт ускуналарини (косметологияга оидлари бундан мустасно) харид қилиш учун ишлатилади. Бунда пуллик тиббиёт хизматларига бўлган талаб ва хусусий клиникада харид қилинаётган ускуналарда хизмат кўрсата оладиган малакали ходимларнинг мавжудлиги ҳисобга олинади.
Жорий йилнинг октябрь ойига келиб хусусий тиббиёт ташкилотларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун $100 млн миқдорида узоқ муддатли кредит линияларини жалб қилиш масаласи ишлаб чиқилмоқда.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 19.02.2020 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.