Дунёдаги эпидемиологик вазият ва Ўзбекистонда коронавируснинг тарқалиши туфайли ҳукумат шартномалар бажарилмаган тақдирда бизнес учун «форс-мажор» режимини жорий этади.
Коронавирус пандемияси ва глобал инқирознинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига хўжалик юритувчи субъектлар мурожаатларига биноан енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатлари сертификатларини бериш топширилди. Агар форс-мажор ҳолати коронавирус билан боғлиқ бўлса, сертификатни 1 кунда олиш мумкин.
Форс-мажор тушунчаси ва уни тасдиқлаш тартиби Енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолатларини тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низомда келтирилади. Бундай ҳолатларга қарздорнинг контрагентлари томонидан мажбуриятлар бузилиши, бозорда мажбуриятларни бажариш учун зарур бўлган товарларнинг йўқлиги ва бошқалар кирмайди.
Умуман олганда, томонлардан бирида форс-мажор ҳолатлари юзага келган тақдирда, томонлар ўзаро манфаатли шартлар билан келишиб олишга ҳаракат қилишлари мумкин. Масалан, шартнома мажбуриятларини ўзгартириш орқали мажбуриятларни бажариш муддатини узайтириш. Агар келишувга эришилмаса, енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолатини тасдиқлайдиган сертификатни олиш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига мурожаат қилиши мумкин.
Идора уларни беришда хўжалик юритувчи субъектларга ёрдам бериш учун барча зарур тезкор чораларни кўради. Вазирликнинг марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмаларининг боғланиш маълумотлари - бу ерда.