Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисида низом (25.03.2020 йилдаги 182-сон ВМҚга қаранг) тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, янги тартиб доирасида ипотекани расмийлаштириш чоғида субсидия олиш мумкин:
- қишлоқ жойларда (Андижон, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари шаҳарларига ва туман маъмурий марказларига туташ ҳудудларда) – биринчи 5 йил давомида ипотека кредити бўйича фоиз тўловлари билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун – 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига;
- шаҳарларда – дастлабки бадалнинг бир қисмини тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун уй-жой ҳисобланган қийматининг 10 фоизи миқдорида ва биринчи 5 йил давомида кредит бўйича фоизларни қоплаш учун – Тошкент шаҳрида 12 фоизлик пунктдан ошган қисмига, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар шаҳарларида 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига тўланади.
Субсидия Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуйидаги тоифадаги қарз олувчиларга тўланади:
- уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган оилаларга;
- оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёлларга;
- мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларга;
- уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган меҳнат мигрантларига.
Субсидия олиш учун ариза берган фуқаролар ижтимоий мезонларга кўра баҳоланади. Бунинг учун туманларда (шаҳарларда) талабгорларни танлаш бўйича комиссиялар фаолият юритиб, ижтимоий мезонлар бўйича баҳолаш натижаларини кўриб чиқади.
Субсидия олиш учун туман (шаҳар) давлат хизматлари марказига шахсан келиш ёки хизматдан электрон шаклда фойдаланиш учун ЯИДХПда рўйхатдан ўтиш лозим. Биринчи ҳолатда ариза шаклини мурожаат қилувчининг номидан марказ ходими тўлдиради, иккинчисида – ариза берувчи буни мустақил равишда амалга ошириб, тегишли ҳужжатларни илова қилади. Меҳнат мигрантлари номидан уларнинг оила аъзолари мурожаат қилишлари мумкин. Марказлар ва ЯИДХП бепул хизмат кўрсатади.
1 мартдан 1 октябргача субсидия олиш учун ариза беришга улгуриш зарур. Шундан кейин ҳужжатлар кўриб чиқилмайди. Масъул ташкилотлар ўзларига тақдим этилган ҳужжатлар асосида ариза берувчи ижтимоий мезонларга мос келишини 10 иш куни ичида текширадилар.
Юқорида кўрсатилган комиссиялар тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотлар, шунингдек баҳолаш натижаларига кўра ариза берувчига ипотека бўйича субсидия бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қиладилар.
Субсидия битта оилага ёки унинг аъзоларидан бирига фақат бир марта тўланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 25.03.2020 йилдан кучга кирган.