Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzЧем отличаются правила начисления амортизации в целях бухучета и налогообложения К каким видам доходов можно применить льготу по налогу на прибыль участникам СЭЗ Как использовать гарантийное удержание в хозяйственных договорах

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилади

30.06.2020

Читать на русском языке

Бу Президентнинг 2020 йил 29 июндаги ПФ-6013-сон Фармони ва ПҚ-4761-сон қарорида белгиланган.

 

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) махсус ваколатли орган бўлиб, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш учун масъул орган ҳисобланади. Агентлик Президентга бўйсунади ва Олий Мажлис палаталари олдида ҳисобдордир.

 

Унинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари қуйидагилардан иборат:

  • мамлакатда коррупция ҳолатини тизимли таҳлил қилишни таъминлаш;
  • коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг тизимли сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, коррупцияга қарши курашиш чораларининг самарадорлигини оширишга қаратилган давлат ва бошқа дастурларни шакллантириш ва амалга ошириш;
  • жамиятда коррупциянинг барча кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш;
  • вазирлик ва идораларнинг коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат органлари, ОАВ, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг ушбу масалалар бўйича биргаликдаги самарали фаолиятини ташкил этиш;
  • давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, коррупцияга қарши ички назорат тизими («комплаенс-назорат») ҳамда коррупцияга қарши курашишнинг бошқа халқаро воситаларини жорий этиш ва самарали фаолият кўрсатишини ташкиллаштириш;
  • НҲҲ ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси самарадорлигини таъминлаш, шунингдек коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш;
  • давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкини декларация қилиш тизими жорий этилиши ва самарали фаолият кўрсатишини ҳамда ушбу жараёнда аниқланган коррупция ҳолатларига ўз вақтида таъсир чоралари кўрилишини таъминлаш;
  • давлат хизматига ҳалоллик стандарти («ҳалоллик вакцинаси») ва манфаатлар тўқнашувини ҳал этиш стандартларини жорий этишда кўмаклашиш бўйича таъсирчан чораларни кўриш;
  • бюджет маблағлари, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг қарзларидан фойдаланиш ва давлат харидлари соҳасида коррупцияга қарши назорат тизимининг самарадорлигини таҳлил қилиш;
  • коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш;
  • коррупциянинг ҳолати, тенденциялари ва сабаблари ҳамда коррупцияга қарши чоралар кўришнинг самарадорлиги юзасидан социологик, илмий ва бошқа тадқиқотларни ташкил этиш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг таъсирчанлигини ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;
  • коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш.

 

Агентлик ҳар йили Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида миллий маърузани тайёрлайди. Ҳужжат ОАВда эълон қилинади ва кўриб чиқиш учун Президент ва Олий Мажлисга киритилади.

 

Агентлик қуйидагиларга ваколатли ҳисобланади:

  • бюджет маблағларининг сарфланиши, давлат активларининг реализация қилиниши, давлат харидлари, инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва давлат дастурлари бажарилиши билан боғлиқ материалларни талаб қилиш, олиш ва ўрганиш;
  • ўз ваколатига тааллуқли масалалар юзасидан НҲҲ қабул қилиш;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупция масалалари бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш;
  • давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида коррупция ҳолатини ўрганиш;
  • коррупцияга оид жиноятлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, тизимли коррупциянинг ривожланиш тенденцияларини таҳлил қилиш мақсадида қонунчиликка мувофиқ жиноят ишлари материалларини ўрганиш;
  • ўрганиш ва бошқа тадбирлар натижалари бўйича тўпланган материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органларига тақдим этиш;
  • коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий суриштирувлар ўтказиш;
  • ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари қарорларида коррупция белгилари аниқланган ҳолларда уларнинг ижросини тўхтатиш ёки бекор қилиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномаларни киритиш;
  • давлат органлари, ташкилотлари ва уларнинг мансабдор шахсларига коррупцияга оид ҳуқуқбузарликка йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантиришлар ҳамда коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимномалар киритиш.

 

Агентликнинг огоҳлантириш, тақдимнома ва мурожаатлари кўриб чиқилиши шарт. Кўриб чиқиш натижалари юзасидан 10 кун ичида ёзма ахборот берилиши лозим.

 

Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши  ва унинг ҳудудий кенгашлари этиб қайта ташкил этилади. Агентлик Миллий кенгашнинг ишчи органи этиб белгиланади.

 

Агентлик директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартлари бўйича вазирга, унинг ўринбосарлари эса вазир ўринбосарларига тенглаштирилади. Қолган ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари ва меҳнат ҳақи Давлат хизматини ривожлантириш агентлигидаги сингари бўлади (бу ерда қаранг). Идора бошқарув ходимларининг чекланган сони 50 штат бирлиги миқдорида белгиланади, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги (10 та) ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг (40 та) штат бирликларини қисқартириш ҳисобига шакллантирилади.

 

Агентликка халқаро стандартлар бўйича танлов асосида ишга қабул қилинади. Ходимларга эгаллаган лавозими ва иш стажига мувофиқ ва мавжуд бўлганда, аввалги иш жойида берилган – ҳарбий ва махсус унвонлар (мартаба даражалари, малака тоифалари, дипломатик мартабалар) ҳисобга олинган ҳолда мартаба даражалари берилади. Агентликка биринчи марта ишга қабул қилинаётганлар Бош прокуратура Академиясида махсус таълим дастурлари бўйича ишдан ажралган ҳолда ўқитилади.

 

Фармонда қуйидагилар назарда тутилган:

  • 2020–2021 йилларда барча давлат ва хўжалик бошқаруви органларида коррупцияга қарши ички назорат тизимини («комплаенс-назорат») босқичма-босқич жорий этиш;
  • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги фаолияти, шунингдек ушбу соҳадаги давлат ва бошқа дастурлар самарадорлигини мониторинг қилиш ҳамда баҳолаш имконини берувчи «E-Anticor.uz» электрон платформасини жорий этиш;
  • коррупция ҳолатлари ҳақида Агентликни хабардор қилиш имконини берувчи махсус мобиль дастурий таъминотни жорий этиш.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.06.2020 йилдан кучга кирди.

 

Эльмира Сиразиева.