Вазирлар Маҳкамасининг 20.07.2020 йилдаги «Коронавирус инфекциясига қарши кураш даврида аҳолини тез тиббий ёрдам хизмати билан кенг қамраб олиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 446-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат Президентнинг 25.01.2018 йилдаги «Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3494-сон қарорига мувофиқ қабул қилинган.
Қарорда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлигининг қуйидаги таклифлари маъқулланди:
- короновирус эпидемияси даврида нормативга қўшимча равишда кечаю кундуз навбатчилик қиладиган 1 нафар тиббиёт ходими ва 1 нафар ҳайдовчидан иборат ихчамлаштирилган мобил тез тиббий ёрдам бригадалари ташкил этиш;
- кучайтирилган тартиб даврида ҳар ой якунига қадар барча тез тиббий ёрдам бригадаларида ишловчи ходимларнинг лавозим маошига 6% миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар ўрнига қуйидаги миқдорларда қўшимча моддий рағбатлантириш тўловларини белгилаш:
врач ходимларга – 2,5 миллион сўмдан;
ўрта тиббиёт ходимларига – 1,5 миллион сўмдан;
ҳайдовчиларга – 1 миллион сўмдан.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига Молия вазирлиги билан келишган ҳолда уч кун муддатда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги эпидемиологик вазият, шунингдек тез тиббий ёрдам хизматига кунлик чақириқлар сонидан келиб чиққан ҳолда ихчамлаштирилган мобил тез тиббий ёрдам бригадаларининг вақтинчалик нормаларини тасдиқлаш топширилди.
Қарорда ташкил этилаётган ихчамлаштирилган мобил тез ёрдам бригадалари учун автомашиналар сотиб олиш ҳамда тез тиббий ёрдам бригадаларининг қўшимча штат бирликларини сақлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш, шунингдек уларни қўшимча моддий рағбатлантириш билан боғлиқ харажатларни амалга ошириш манбалари қайд этилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.07.2020 йилдан кучга кирди.
Баҳодир Қаюмов.