Юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик билан шуғулланишга ҳозирги вақтга қадар амалда бўлган тақиқ бекор қилинди (21.07.2020 йилдаги ЎРҚ-629-сон Қонунга қаранг).
Ўзбекистонда оилавий тадбиркорлик билан икки шаклда шуғулланиш мумкин:
- юридик шахс ташкил этган ҳолда – оилавий корхона шаклида. Оилавий корхоналар аввалбошдан ишчиларни ёллашга ҳақли бўлган («Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддаси 5-қисмига қаранг);
- юридик шахс ташкил этмаган ҳолда – якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномага асосан. Унда якка тартибдаги тадбиркорлик оилавий тадбиркорлик шаклида амалга оширилиши акс эттирилади ва биргаликда бизнесни юритувчи оила аъзолари кўрсатилади. Бунда ҳозирга қадар доимий ишчиларни ёллаш тақиқланган эди (Юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорликни ҳамда ҳунармандчилик фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 8-банди).
«Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонунга охирги чекловни бекор қилишга оид қўшимча киритилди. Энди оилавий тадбиркорлик субъектлари юридик шахс ташкил этмаган ҳолда қуйидагиларга ҳақли:
биринчидан, уч нафаргача доимий ишчини ёллаб, улар билан меҳнат шартномаси тузишга. Айтайлик мазкур ҳолатда Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тадбиркорлик фаолиятини ишчиларни ёллаган ҳолда амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом қўлланилади;
иккинчидан, меҳнатга лаёқатли ёшга тўлган бошқа яқин қариндошларини, шу жумладан болалари ва неваларининг эрини (хотинини), ака-укалари ва опа-сингилларини, уларнинг хотинини (эрини) ва болаларини иштирокчи сифатида жалб этишга ҳақли.
Қонун «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган ва 22.07.2020 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.