Вазирлар Маҳкамасининг 14.08.2020 йилдаги “Қўшилган қиймат солиғи ҳамда чет эл юридик шахслари билан боғлиқ солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 489–сон қарори билан:
- Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди (кейинги ўринларда – Низом) тасдиқланди.
Ҳисобварақ-фактура - Солиқ кодексига мувофиқ уни тақдим этиш мажбуриятига эга бўлган товарларни (хизматларни) сотувчи (етказиб берувчи) томонидан расмийлаштириладиган қатъий белгиланган намунадаги (форматдаги), товарлар ҳақиқатда жўнатилганлигини ёки хизматлар кўрсатилганлигини ва уларнинг қийматини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.
Ҳисобварақ-фактура сотувчи (етказиб берувчи) томонидан тақдим этилган қўшилган қиймат солиғи суммасини харидор (буюртмачи) ҳисобга олиши учун асос бўладиган бирламчи ҳужжат ҳисобланади. У қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) бўйича солиқ солиш айланмаси ва реализацияни ҳисобга олиш учун юритилади.
Товарларни (хизматларни) реализация қилишда юридик шахслар, шу жумладан, Ўзбекистон ҳудудида доимий муассаса орқали фаолият кўрсатаётган норезидент юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар ушбу товарларни (хизматларни) сотиб олувчиларга ҳисобварақ-фактурани тақдим этиши шарт.
Низомда ҳисобварақ-фактура тақдим этилиши шарт бўлмаган ҳоллар келтирилган ва уларни узоқ муддатли шартномалар бўйича расмийлаштириш тартиби кўрсатилган.
Ҳисобварақ-фактура, агар ушбу Низомда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, товарлар жўнатилган (топширилган) ёки хизматлар кўрсатилган календарь санада расмийлаштирилиб тақдим этилади.
Ҳисобварақ-фактурада товарларнинг (хизматларнинг) қиймати миллий валютада, сўмда кўрсатилади. Бунда, сумма кўрсатилаётганда бутун сондан сўнг юздан биргача яхлитланиши лозим бўлади.
Агар ушбу Низомда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ҳисобварақ-фактуралар электрон шаклда расмийлаштирилади ва уларнинг сақланиши ҳамда ҳисоби юритилиши электрон ахборот тизимида амалга оширилади.
Товарларни (хизматларни) сотиб олувчи фақат электрон шаклда қабул қилинган ҳисобварақ-фактураларда акс эттирилган ҚҚС суммасини ҳисобга олишга ҳақли.
Солиқ тўловчилар томонидан давлат сирига тааллуқли бўлган хўжалик операциялари амалга оширилганда қоғоз шаклда ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилади. Улар бундай шаклда расмийлаштирилса камида икки нусхада тузилади ва улардан бири товарларни (хизматларни) сотиб олувчига тақдим этилади.
Шунингдек, Низомда товарлар (хизматлар) реализациясида ҳисобварақ-фактураларни тўлдириш тартиби ҳаи келтирилган.
Ҳужжат:
- дори воситалари ва тиббий буюмларни реализация қилишда ҳисобварақ-фактураларни тўлдириш хусусиятларини;
- воситачилик, топшириқ ва транспорт экспедицияси шартномалари асосида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда ҳисобварақ-фактураларни тўлдиришнинг ўзига хос хусусиятларини;
- қўшимча ва тузатилган ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришнинг ўзига хос хусусиятларини;
- айрим шартномалар бўйича товарларни (хизматларни) реализация қилишда ҳамда чегирмаларни тақдим этишда ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришнинг ўзига хос хусусиятларини;
- электрон ҳисобварақ-фактураларни қабул қилиш ва жўнатишнинг ўзига хос хусусиятларини белгилайди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 15.08.2020 йилдан кучга кирди.
Баҳодир Қаюмов.