Вазирлар Маҳкамаси 2.09.2020 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасида аниқланган эгасиз ашёлар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 533-сон қарорни қабул қилди.
Низом билан қуйидаги тартиб белгиланган:
- Ўзбекистон Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш давомида аниқланган эгасиз ашёлар, моддий қимматликлар ва бошқа мол-мулкни расмийлаштириш;
- уларни Чегара қўшинлари бўлинмаларига олиб келишда хавфсизлик чораларини таъминлаш ҳамда сақлашда санитария нормаларига риоя қилиш чораларини кўриш;
- ашёларни экспертизадан ўтказиш ва қийматини баҳолаш;
- ушбу ашёларга нисбатан қарор қабул қилиш.
Фуқаролик кодексининг 191-моддасига мувофиқ, эгаси бўлмаган ёки эгаси номаълум бўлган ашё эгасиз ашё ҳисобланади. Агар бу ҳол топилма тўғрисидаги, қаровсиз ҳайвонлар ва хазина тўғрисидаги қоидаларда рад этилмаган бўлса, эгасиз кўчар ашёларга эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат асосида қўлга киритилиши мумкин.
Эгасиз ашёларни аниқлаш ва ҳисобга олиш тартиби Низомга илова қилинган схемада белгиланган.
Эгасиз ашёларни аниқлаган Чегара қўшинлари бўлинмалари уларни кўздан кечирадилар, фотосуратга оладилар ва баённома расмийлаштирадилар. Ушбу ашёлар юзасидан экспертиза ўтказилади ва улар баҳоловчи ташкилотни жалб қилган ҳолда баҳоланади.
Давлат хавфсизлик хизмати раисининг қарори билан ташкил этиладиган ҳудудий комиссиялар ашёни эгасиз деб топиш ва уни Чегара қўшинлари ҳисобига ўтказиш бўйича қарор қабул қиладилар, кейинчалик у савдо ташкилоти билан тузилган шартнома асосида уни сотади. Эгасиз ашёларни сотишдан тушган маблағлар Чегара қўшинларининг бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисобига ўтказилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2.09.2020 йилдан кучга кирган.
Лола Абдуазимова.