Вазирлар Маҳкамасининг 4.09.2020 йилдаги «Юридик шахслар, фаолиятини ваколатхона, филиал ёки доимий муассаса орқали амалга ошираётган чет эл юридик шахслари ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва сақлаш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 539-сон қарори қабул қилинди.
Юридик шахслар, фаолиятини ваколатхона, филиал ёки доимий муассаса орқали амалга ошираётган чет эл юридик шахслари ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар тўғрисида ягона марказлаштирилган ахборот манбаини шакллантириш, шунингдек давлат хизматларини кўрсатишда идоралараро электрон ҳамкорликни таъминлаш мақсадида қуйидагилар тасдиқланди:
- Юридик шахслар, фаолиятини ваколатхона, филиал ёки доимий муассаса орқали амалга ошираётган чет эл юридик шахслари ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахсларнинг марказий маълумотлар базасини (кейинги ўринларда – Марказий маълумотлар базаси) шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низом;
- Марказий маълумотлар базасида фойдаланиладиган классификатор ва маълумотномалар рўйхати.
Ҳужжат билан қуйидагилар белгиланди:
- Давлат солиқ қўмитаси Марказий маълумотлар базасини юритиш бўйича ваколатли орган ҳисобланади;
- Марказий маълумотлар базаси солиқ органларининг Ягона интеграциялаштирилган ахборот-ресурс базаси негизида ташкил этилади, ДСҚнинг маълумотларни қайта ишлаш марказини модернизация қилиш ва солиқ маъмуриятчилигида замонавий АКТни кенг жорий этиш лойиҳасининг маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;
- масъул давлат органлари (ҳужжатга иловада келтирилган рўйхат бўйича) томонидан тегишли маълумотлар ва классификаторлар Электрон ҳукуматнинг маълумотномалар ва классификаторлар регистрини шакллантириш ва юритиш ҳамда ягона идентификаторлардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга (16.07.2020 йилдаги 444-сон ВМҚ билан тасдиқланган) мувофиқ жойлаштирилади ва янгилаб борилади.
ДСҚга манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қуйидагиларни амалга ошириш топширилди:
- бир ой муддатда 2020 йил 1 декабрга қадар давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари ва ресурсларини Марказий маълумотлар базасига интеграция қилиш графигини тасдиқлаш;
- уч ой муддатда:
- киберхавфсизлик талабларига жавоб берадиган замонавий сервер ускуналарини харид қилиш ва ўрнатиш;
- давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларини Марказий маълумотлар базаси билан бирлаштириш учун техник талабларни тасдиқлаш;
- 2021 йил 1 январга қадар марказий маълумотлар базасини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш.
Марказий маълумотлар базасига маълумотларнинг киритилиши ва янгиланишига масъул бўлган давлат органлари ва ташкилотларига қуйидаги вазифалар топширилди:
- икки ой муддатда тасдиқланган классификаторлар ва маълумотномалар рўйхатига мувофиқ ўзларининг ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларига ўзгартириш киритилишини таъминлаш;
- 2021 йил 1 январга қадар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи чет эл юридик ва жисмоний шахслари тўғрисидаги ўзларининг мавжуд маълумот базаларидаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва долзарблигини таъминлаш бўйича хатлов ўтказиш.
Давлат статистика қўмитасига қуйидаги вазифалар топширилди:
- бир ой муддатда ДСҚ, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда Марказий маълумотлар базасидаги йиғма маълумотларни эълон қилиш жадваллари намуналарини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
- ҳар ойнинг якуни бўйича таҳлилий маълумотларни белгиланган тартибда вазирлик ва идораларга тақдим этиш.
ДСҚга Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда электрон ҳамкорлик орқали рўйхатдан ўтказилган ва аккредитациядан ўтган қуйидаги ташкилотлар тўғрисидаги маълумотларнинг Марказий маълумотлар базасига киритилишини таъминлаш топширилди:
- ННТ, адвокатлик бюролари ва фирмалари, адвокатлар ҳайъати;
- банклар, кредит бюролари ва хорижий банкларнинг ваколатхоналари;
- дипломатик ваколатхоналар, хорижий давлатларнинг консуллик муассасалари, халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари;
- хорижий тижорат ташкилотларининг ваколатхоналари.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 4.09.2020 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.