Вазирлар Маҳкамаси 17.09.2020 йилдаги “Бўстонлиқ туманидаги бўш турган, фойдаланилмаётган ҳамда самарасиз фойдаланилаётган объектлар ва ер участкаларидан самарали фойдаланиш, улар негизида туризм ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 560-сон қарорни имзолади.
Ҳужжат Президентнинг 28.08.2020 йилдаги “Бўстонлиқ туманида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш орқали туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-6053-сон Фармонини амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қарор билан:
- замонавий туризм инфратузилмаси объектларини барпо этиш шарти билан «E-Ijro auksion» электрон савдо майдончаси орқали сотиладиган давлат мулки объектлари рўйхати (1);
- замонавий туризм инфратузилмаси объектларини барпо этиш ва инвестиция киритиш шарти билан Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик), молиявий ташкилотлар ва инвесторлар ўртасида тузиладиган уч томонлама ҳамкорлик шартномаси асосида инвесторларга “ноль” харид қийматида сотиладиган давлат мулки объектлари рўйхати (2);
- вазирликлар ва идоралар ҳамда давлат улуши мавжуд бўлган хўжалик жамиятларига қарашли бўш турган ва хусусий секторга «E-Ijro auksion» электрон савдо майдончаси орқали сотиладиган давлат мулки объектлари рўйхати (3);
- Бўстонлиқ тумани ҳудудида муҳандислик-коммуникация ва экологияни муҳофаза қилиш инфратузилмасини ривожлантиришга доир чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Белгиланишича, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун сотиб олинган объектлар ва ер участкаларига бўлган эгалик ҳуқуқлари инвесторларга, истисно тариқасида, Тошкент вилояти ҳокимининг алоҳида қарори қабул қилинмасдан расмийлаштириб берилади.
1-3-рўйхатларга киритилган объектларни балансда сақловчи ташкилотлар раҳбарлари бино ва иншоотлар сотилгунга қадар уларнинг ўзгага берилмаслиги ва бутлигини таъминлаш учун шахсан масъул ҳисобланади. Мазкур объектларни сотишдан тушадиган маблағлар (баҳолаш ва хусусийлаштириш тадбирларини амалга ошириш харажатларидан ташқари) Тоғли ва олис ҳудудларда туризм инфратузилмасини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади.
Агентликка бир ой муддатда:
- “Чорвоқ” эркин туристик зонаси Дирекцияси ва Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги билан биргаликда 1-3-рўйхатлар бўйича объектларни савдога чиқариш;
- Касаба уюшмалари федерацияси, Халқ таълими вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда болалар соғломлаштириш оромгоҳларини самарали бошқариш бўйича таклифлар киритиш топширилди.
10 кун муддатда Бўстонлиқ туманида дам олиш учун енгил конструкцияли кўчма қурилмалар жойлаштириладиган ер участкалари “Чорвоқ” эркин туристик зонаси дирекциясига олинади, 20 кун муддатда эса улар «E-Ijro аuksion» электрон савдо майдончасининг савдоларига қўйилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 18.09.2020 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.