Молия вазирлиги Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти “Асосий воситалар” лойиҳасини ишлаб чиқди. Ҳужжат ҚҲТБТ порталида муҳокама учун жойлаштирилган.
Лойиҳа “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Қонунга, шунингдек Президентнинг 24.02.2020 йилдаги “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-4611-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Хусусан, янги таҳририда амортизация ҳисоблашнинг янги тартибига ўтиш назарда тутилмоқда. Агар амалдаги тартибга биноан асосий воситалар бўйича амортизация ажратмаларини ҳисоблаш мазкур объект асосий воситалар таркибига қабул қилинган ойдан кейинги ойнинг дастлабки санасидан бошланса, лойиҳа бўйича – ҳисоблаш асосий воситалар балансга қабул қилинган кундан эътиборан бошланади.
5-сон БҲМС “Асосий воситалар”нинг янги таҳрири давлат тилида тайёрланди ва тасдиқланади. Бундан ташқари, ҳужжат амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сонини қисқартиришга қаратилган. Унга асосий воситаларни қайта баҳолаш бўйича алоҳида нормалар, шунингдек амалдаги Асосий воситалар қийматини балансдан чиқариш тартиби тўғрисида низом нормалари киритилган.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Лола Абдуазимова.