Президентнинг 13.10.2020 йилдаги «Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
2020 йил 15 ноябрдан бошлаб ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги тартиби ўрнатилади:
а) Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби томонидан маъқулланган дастурлар ва белгиланган талаблар асосида ташкил этилган ўқув курсларини тамомлаган ҳар бир битирувчи (ёшлар, хотин-қизлар) учун касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотларига сарфланган харажатларнинг 70%и, бироқ ҳар битирувчига 1 млн сўмдан ортиқ бўлмаган миқдори давлат томонидан компенсация қилинади;
б) касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотлари курсларини муваффақиятли тамомлаб, уларнинг сертификатини олган шахсларга ўз бизнесини ташкил этиш учун микрокредит ажратилади. Микрокредитлар «Микрокредитбанк» АТБ томонидан 3 йил муддатгача 6 ойгача имтиёзли давр билан МБнинг асосий ставкасида ажратилади:
- тадбиркорлик ташаббусига эга жисмоний шахслар, шу жумладан ёшлар ва хотин-қизларга ўз бизнесини ташкил этиш учун 33 млн сўмгача бўлган миқдордаги микрокредитлар таъминотсиз ажратилади;
- микрофирма ва кичик корхона таъсис этган шахсларга учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар гарови, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғрмасининг кафиллиги ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа таъминот турлари асосида 225 млн сўмгача миқдорда микрокредитлар ажратилади.
Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан ушбу мақсадлар учун «Микрокредитбанк»ка қўшимча 90 млн доллар маблағ ажратилади. Жорий йил охиригача аҳолини, айниқса ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш бўйича янги бизнес модели ишлаб чиқилади. 2021 йил давомида республиканинг барча туман ва шаҳарларида микромолиявий хизматлар кўрсатиш имкониятини яратувчи банк инфратузилмалари тармоқлари ташкил этилади. Шунингдек «Микрокредитбанк» томонидан Микромолиялаш миллий тизимини яратиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилади, унинг ўзи операторлик вазифасини бажаради.
2022 йил 1 июлдан бошлаб «Ҳар бир оила – тадбиркор», «Ёшлар келажагимиз» ва бошқа оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида давлат мақсадли ресурслари ҳисобидан кредитлар «Микрокредитбанк» АТБ томонидан тегишли ўқув курсларини тамомлаган шахсларга ягона микрокредитлаш дастури асосида ажратилади.
Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги (Агентлик) аҳолининг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш механизмини мувофиқлаштириш борасида ваколатли двлат органи этиб белгиланган. Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўйича ваколатли офислари очилади. Агентлик Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби билан биргаликда аҳолини касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш дастурларида иштирок этувчи нодавлат таълим ташкилотлари электрон реестрини шакллантиради, 2022 йилдан Тадбиркорликка ўқитишнинг ягона тизими ишга туширилади.
2 млн АҚШ доллари эквивалентидаги маблағлар микромолиявий хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар ҳамда ННТга ёшлар ва хотин-қизларни кичик тадбиркорликка жалб қилиш лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга йўналтириш назарда тутилган, ушбу маблағлар Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига (Жамғарма) келиб тушади. Тажриба тариқасида, улардан қуйидаги тартибда фойдаланилади:
а) ННТларнинг кенг аҳоли қатламларини тадбиркорликка ўқитиш ва уларга микромолиявий хизматлар кўрсатишдан иборат комплекс дастурларини амалга ошириш учун Жамғарма ҳисобидан танлов асосида 5 йил муддатга, жумладан 1 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 4% ставкада қарз маблағлари ажратилади;
б) танлов шартлари ва баҳолаш мезонлари Агентлик томонидан Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ва мустақил экспертлар иштирокида ишлаб чиқилади ва тасдиқланади ҳамда ННТлар билан ижтимоий шериклик тўғрисидаги шартномалар тузилади;
в) ННТларга ажратиладиган қарз маблағларининг бир қисми микрокредит ташкилотларига берилади, улар томонидан, ўз навбатида, қарз маблағлари ҳисобидан микроқарзларни кенг аҳоли қатламларига, шу жумладан ёшлар ва хотин-қизларга қуйидаги шартларда ажратилади:
- қарз олувчи ННТларнинг молиявий саводхонликни ошириш, касбий ва тадбиркорлик кўникмаларни шакллантиришга қаратилган дастурлари талабларига мос келиши лозим;
- тадбиркорлик ва даромад олишга қаратилган мақсадлар учун бир қарз олувчига 25 млн сўмдан ошмаган миқдорда қарз ажратилади;
- микрокредит ташкилотлари қарз олувчи томонидан шартномага мувофиқ мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш шартисиз, шу жумладан бир-бирларини қўллаб-қувватлайдиган гуруҳ кафиллиги асосида микромолиявий хизматлар кўрсатишга ҳақли.
2021 йил 1 январдан бошлаб:
- тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишда олинадиган давлат божи маблағларининг 20%и Савдо-саноат палатасига йўналтирилади;
- давлат активларини сотишдан тушадиган маблағларнинг Савдо-саноат палатасига йўналтириладиган қисми 3%дан 5%гача – Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармасига йўналтириладиган қисмини камайтириш ҳисобидан оширилади.
Олег Заманов.