Вазирлар Маҳкамасининг 30.10.2020 йилдаги «Электр энергетика соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси бюджетини қўллаб-қувватлаш учун Осиё тараққиёт банкининг 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағларини жалб қилиш тўғрисида»ги 673-сон қарори қабул қилинди.
27.07.2020 йилда Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Энергетика вазирлиги ва ОТБ ўртасида кредитни жалб қилиш бўйича Меморандум имзоланган. 2020 йил 28 сентябрда ОТБ Директорлар кенгаши томонидан электр энергетика соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда Ўзбекистон бюджетини қўллаб-қувватлаш учун 15 йил муддатга қарз ажратилиши маъқулланган.
«Ўзбекистон Республикасида электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш» инвестиция лойиҳасининг умумий қиймати 457,8 млн АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳанинг техник-иқтисодий асослануви Молия вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан маъқулланган. Лойиҳа қуйидаги маблағлар ҳисобига амалга оширилади:
- 91 372,4 минг АҚШ доллари – «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ;
- 250 000 минг АҚШ доллари – Молия вазирлиги кредити;
- 20 500 минг АҚШ доллари – ОТБ кредити;
- 62 604,6 минг АҚШ доллари – Ўзсаноатқурилишбанк кредити;
- 33 364,3 минг АҚШ доллари – Ривожланиш жамғармаси.
Энергетика вазирлиги инвестиция лойиҳасининг амалга оширилишида ОТБ қарз маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши юзасидан ижро этувчи орган ҳисобланади. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ лойиҳанинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш, кредитни ўз вақтида ўзлаштирилиши юзасидан масъул ҳисобланади.
ОТБ томонидан ажратилган ва Ўзбекистон бюджети харажатларини молиялаштириш учун мўлжалланган кредит 6 ойлик ЛИБОР+0,5 фоиз ставка билан 200 млн АҚШ долларини ташкил этади. Кредитни сўндириш, улар бўйича фоизлар, мажбурият учун тўловларни тўлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистоннинг республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Қабул қилинган ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- «Ўзбекистон Республикасида электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш» инвестиция лойиҳаси ТИА асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлари;
- Электр энергетика соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда Ўзбекистон бюджетини қўллаб-қувватлаш учун жалб этилаётган ОТБ қарзини сўндириш, фоиз ва воситачилик тўловларини тўлашнинг прогноз жадвали.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 31.10.2020 йилдан кучга кирди.
Мирёқуб Ҳайдаров.