Бу ҳақда қарор давлат раҳбари томонидан 15 декабрь куни имзоланди (15.12.2020 йилдаги ПҚ-4922-сон қарорга қаранг).
Гап БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), БМТ Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси (ҚХРХЖ) ҳамда БМТ Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури (БООД) хусусида бормоқда. Уларнинг барчаси Италиянинг пойтахти – Римда жойлашган.
2020 йил ноябрь ойида Ўзбекистон яқин 2 йил муддатга ФАОнинг Европа учун Минтақавий конференцияси раиси этиб сайланган.
Айтиб ўтилганлар туфайли:
а) ФАО, ҚХРХЖ ва БООД билан ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтиришнинг устувор йўналишлари белгиланди ва тегишли “Йўл харитаси” тасдиқланди;
б) Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси штат жадвалига ўзгартиришлар киритилди:
- элчи ўриндошлик асосида мамлакатимизнинг ФАО, ҚХРХЖ ва БООД ҳузуридаги доимий вакили этиб тайинланди. У бу сифатда Ўзбекистоннинг мазкур ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлигига доир барча масалаларни мувофиқлаштиради;
- маслаҳатчи - доимий вакил ўринбосари лавозими киритилади. Унинг мажбуриятлари жумласида - ФАО, ҚХРХЖ ва БООД билан тизимли амалий ҳамкорликни ривожлантириш;
- Элчихонанинг маслаҳатчи лавозими Элчихонанинг савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси лавозимига ўзгартирилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 16.12.2020 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.