Вазирлар Маҳкамаси 15.12.2020 йилдаги “Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузурида рассомлик маҳорат устахонаси (олий рассомлик курси) фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 786-сон қарорни қабул қилди.
Ҳужжат рассомлар учун тажриба устахонаси фаолиятини ташкил этиш, тасвирий санъат соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш учун қўшимча шароитлар яратиш ҳамда соҳада олий таълимдан кейинги таълим тизимида тайёргарлик босқичини ташкил этиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Ҳужжат Президентнинг "Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида" 2020 йил 21 апрелдаги ПҚ-4688-сон қарори ижроси доирасида қабул қилинган.
Рассомлик маҳорат устахонаси юридик шахс мақомига эга бўлмайди, унинг фаолияти 2022/2023 ўқув йилидан бошланади. Ёш ижодкорлар стажёрлар учун белгиланган тартиб асосида қабул қилинади. Устахона 2 йилда бир маротаба 10 нафар стажёр-тадқиқотчиларни қабул қилади, ўқиш шу муддатда давом этади.
Бадиий академияга устахона учун бино ажратиш, моддий-техника базасини шакллантириш, асбоб-ускуна ва бошқа анжомлар билан жиҳозлаш учун ХМИнинг грантларини жалб қилиш бўйича чоралар кўриш топширилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 16.12.2020 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.