Президентнинг 2.02.2021 йилдаги «Тошкент вилоятида қуввати 240 МВт бўлган навбатдаги иссиқлик электр станцияси қурилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4971-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Ҳукумати номидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, «Cengiz Enerji San. VE Tic A. Ş.» (Туркия Республикаси) ва «Cenergo» МЧЖ (кейинги ўринларда – Лойиҳа компанияси) ўртасида тузилган (кейинги ўринларда – Инвестиция лойиҳаси) Инвестиция битими тасдиқланди. Унда Инвестор ва Лойиҳа компаниясининг Тошкент вилоятида қуввати 240 МВт бўлган буғ-газ электр станциясини лойиҳалаштириш, молиялаштириш, қуриш ва 25 йил давомида ишлатиш билан боғлиқ мажбуриятлари белгиланди.
Шунингдек «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ (кейинги ўринларда – «ЎМЭТ» АЖ) ва Лойиҳа компанияси ўртасида тузилган Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим маъқулланди. Битимга мувофиқ:
- Лойиҳа компанияси ишлаб чиқарилган электр энергиясини кафолатланган тарзда ягона харидор – «ЎМЭТ» АЖга сотиш мажбуриятини олади;
- «ЎМЭТ» АЖ 25 йил давомида электр энергиясини кафолатланган тарзда харид қилиш мажбуриятини олади ва электр энергияси учун тўловни миллий валютада амалга оширади;
- «ЎМЭТ» АЖ электр энергиясини уч ой мобайнида сотиб олишни қоплаш учун мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида Лойиҳа компанияси фойдасига чет эл валютасида тасдиқланган, тикланадиган, қайтариб берилмайдиган ва шартсиз банк кафолатини тақдим этади.
Инвестиция битими ва Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати давомида электр энергиясининг сотиб олиниши хорижий валютада деноминацияланган тариф бўйича амалга оширилиши белгиланди.
Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимга мувофиқ «ЎМЭТ» АЖга қуйидагиларга рухсат берилди:
- электр энергиясини сотиб олишни қоплаш учун Лойиҳа компанияси фойдасига Ўзбекистон Республикаси тижорат банкининг чет эл валютасида тасдиқланган, тикланадиган, қайтариб берилмайдиган ва шартсиз банк кафолатини тақдим этишга;
- Инвестиция лойиҳаси эҳтиёжи учун табиий газ етказиб берувчи сифатида иштирок этишга.
Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Лойиҳа компаниясига қуйидагиларга рухсат берилди:
- кредитлаш, чет эл валютасидаги маблағларни олиш ва улардан фойдаланиш (шу жумладан бошқалардан ташқари чет эл валютасида кредит маблағлари тушумлари) учун чет эллардаги хорижий банкларда банк ҳисобварақлари очишга;
- республикада очилган банк ҳисобварақларидан хорижда очилган банк ҳисобварақларига пул маблағларини ўтказишга.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 3.02.2021 йилдан кучга кирди.
Эльмира Сиразиева.