Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда «Диджитал Инвест» МЧЖ ўртасида имзоланган Ўзбекистон Республикасида ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар соҳасидаги лойиҳага доир Инвестиция шартномаси (кейинги ўринларда – Инвестиция шартномаси) тасдиқланди. Бу ҳақда Президентнинг 10.02.2021 йилдаги ПҚ-4986-сон қарорида айтилган.
Маълумот учун:
- Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва «МегаФон» ОАЖ (РФ) ўртасида «Digital Нolding» қўшма корхонасини ташкил этиш тўғрисида Ҳадли шартнома имзоланган;
- «МегаФон» ОАЖ ва «ЮэСэМ Телеком» МЧЖ томонидан Россия Федерациясида МЧЖ шаклида «Диджитал Инвест» корхонаси таъсис этилган.
Инвестиция шартномасига мувофиқ «Digital Нolding» ҚК МЧЖ устав фондида:
- Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги улуши 49%ни ташкил этади. У ҳисса сифатида «COSCOM» МЧЖ устав фондидаги 100% миқдоридаги давлат улушини ўтказади;
- «Диджитал Инвест» МЧЖ улуши 51%ни ташкил этади. У «CRPT Turon» МЧЖ ва «ICS Нolding Uzbekistan» МЧЖ устав фондидаги 100% миқдоридаги улушларини, шунингдек 100 млн АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини ҳисса сифатида ўтказади.
Қуйидагилар «Digital Нolding» ҚК МЧЖнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
- молия-техника сектори ва электрон тижорат соҳасида инновацион ва технологик фаолликни ривожлантириш учун инновацион платформаларни татбиқ қилишда, шунингдек, республикада ахборотлаштириш сектори самарадорлигини ошириш ва замонавий телекоммуникация технологияларини жорий этишда маслаҳат ёрдамини кўрсатиш;
- халқаро стандартларга мувофиқ рақамлаштириш жараёнларини тезлаштириш ва инновацион фаолиятни ривожлантириш учун юқори технологик телекоммуникация инфратузилмасини шакллантиришга ҳисса қўшиш;
- Ўзбекистон ҳудудида телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва уларни тақдим этиш сифатини ошириш мақсадида мавжуд телекоммуникация инфратузилмасини такомиллаштириш ва янги телекоммуникация инфратузилмасини яратиш;
- маҳсулотларнинг айрим турларини маркировка қилиш ва уларнинг ҳаракатини назорат қилиш (кузатиб бориш) тизимини яратишда иштирок этиш;
- илғор технологияларни жорий этиш ва, шу жумладан ахборот хавфсизлиги, бизнесни қўллаб-қувватлаш тизимлари ва маълумотларни сақлаш соҳаларидаги, шунингдек комплекс интеграциялашнинг замонавий тизимларидан фойдаланишга кўмаклашиш ва бошқалар.
«Digital Нolding» ҚК МЧЖга ва унинг шуъба корхоналарига йўлдош алоқа каналларидан ўз тижорат эҳтиёжлари учун бошқа операторлар ва телекоммуникация провайдерларига хизматлар кўрсатиш ҳуқуқисиз фойдаланиш ҳуқуқи берилди. Улар ўз станцияларини яратишлари ва йўлдош алоқаси хизматлари бўйича халқаро етказиб берувчиларни мустақил танлашлари мумкин. Шунингдек улар телекоммуникация объектлари ва иншоотларини қуриш (жойлаштириш) мақсадида ваколатли органлардан аукцион савдоларини ўтказмасдан доимий фойдаланиш учун ер участкаларини олишга ҳақлидирлар.
Давлат органлари ва бошқа ташкилотларга «Digital Нolding» ҚК МЧЖ ва унинг шуъба корхоналари билан тўғридан-тўғри музокаралар асосида тендер (танлов) савдоларини ўтказмасдан шартномалар ва битимларни тузишга рухсат берилди.
«Диджитал Инвест» МЧЖ ва «Digital Нolding» ҚК МЧЖ (шу жумладан «Дижитал Инвест» МЧЖнинг солиқ агенти сифатида) Инвестиция шартномасининг амал қилиш муддати давомида қуйидаги тўловлардан озод қилинади:
- «COSCOM» МЧЖ, «CRPT Turon» МЧЖ, «ICS Нolding Uzbekistan» МЧЖ ва «Digital Нolding» ҚК МЧЖнинг бошқа шуъба корхоналари фойдасини тақсимлашда ва дивидендларни тўлаш жараёнида тўлов манбаида юзага келадиган дивидендлар кўринишидаги даромадлардан келиб чиқадиган фойда солиғидан. Бунда чет эл инвесторига фойдани репатриация қилиш ҳолатида тўлов манбаида юзага келадиган дивидендлар кўринишидаги даромадлардан келиб чиқадиган фойда солиғи бўйича белгиланган солиқ мажбуриятлари тўлиқ қоплаб берилади;
- «Digital Нolding» ҚК МЧЖнинг устав фондига ҳисса қўшиш жараёнида юзага келадиган ёки ҳисобланган солиқларнинг барча турларидан. Устав фондининг бундай кўпайтирилиши «Digital Нolding» ҚК МЧЖнинг тақсимланмаган фойдаси, шу жумладан шуъба корхоналардан дивиденд кўринишида олинган фойда ҳисобига амалга ошириладиган ҳолатлар бундан мустасно.
«CRPT Turon» МЧЖ ва «ICS Нolding Uzbekistan» МЧЖга Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркининг резиденти мақоми берилади. Уларга Президентнинг 30.06.2017 йилдаги ПФ-5099-сон Фармони билан тақдим этилган солиқ имтиёзлари қўлланилади. Бунда ушбу имтиёзлар улар томонидан учинчи шахсларга технологик ускуналар, аппарат тизимлари ва эҳтиёт қисмларни етказиб беришдан олинадиган даромадларга нисбатан қўлланилмайди.
Уяли алоқа операторлари учун уяли алоқа хизматларига солинадиган акциз солиғи ставкаси 2022 йил 1 январдан 10%гача пасайтирилади, 2023 йил 1 январдан бошлаб мазкур солиқ бекор қилинади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 10.02.2021 йилдан кучга кирди.
Эльмира Сиразиева.