Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг меҳнаткашлар ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мутахассислари асосий янгиликлар ҳақида айтиб ўтдилар.
Хусусан, Президентнинг фармонлари ва қарорларига асосан макетга «Коронавирус ёки бошқа юқумли касалликлар туфайли жорий қилинган карантин чоралари даврида ходимларга бериладиган имтиёз ва кафолатлар» деб номланган янги бўлинма киритилган. Унда қуйидагилар белгиланган:
- коронавирус инфекцияси билан зарарланган ёки карантинга жойлаштирилган, шунингдек 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси (унинг ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар) бўлган ходимлар билан меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланиши;
- вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси коронавирус инфекцияси билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан карантинга жойлаштирилган ота-оналар (улар ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек, уларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга ўртача ойлик иш ҳақининг 100%и миқдорида тўланиши;
- карантинга оид чоралар амал қилиши даврида иш берувчи ходимларни, айниқса ҳомиладор аёллар, кексалар, имконияти чекланган ҳамда сурункали касалликка чалинган шахсларни, уларнинг розилиги билан, масофадан туриб ишлаш усулига, қулай иш графигига ёки уйдан туриб ишлашга ўтказилиши.
Макетда оммавий равишда ишдан озод этиш мезонлари «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонун нормаларига мослаштирилган.
Иш ҳақи масалаларига келадиган бўлсак, автотранспорт ҳайдовчиларининг меҳнатига ҳақ тўлаш Автомобиль транспорти ҳайдовчилари меҳнатига ҳақ тўлашнинг умумий шартлари тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши тавсия этилган.
Президентнинг 30.10.2020 йилдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6099-сон Фармонига асосан макетга қуйидаги нормалар киритилган:
- жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун етарли моддий ва бошқа шароитлар яратиб бериш (махсус спорт хоналарини ажратиш) ҳамда меҳнат жамоасида «ходимлар гимнастикаси» ва «спорт дақиқалари»ни жорий этиш;
- технология, ишлаб чиқариш ва иш шароитларидан келиб чиқиб, ходимларга «ходимлар гимнастикаси» машқларини бажариши учун ҳамда иш вақтига киритиладиган «спорт дақиқалари» учун махсус танаффусларни белгилаш;
- соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни ривожлантириш мақсадида меҳнат жамоаларида фаолият юритаётган ходимга «Спорт тарғиботчиси» қўшимча вазифасини юклаш ва унинг базавий лавозим маошига 20% миқдорида устама белгилашни йўлга қўйиш;
- иш вақтидан сўнг танланган кунларда (ҳафтада камида бир марта) раҳбар ва барча ходимларнинг жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари билан шуғулланишини ташкил қилиш.
Бундан ташқари, ёшлар учун қўшимча имтиёзлар ва кафолатлар қаторига қуйидаги масалалар киритилган:
- меҳнат жараёнида юқори кўрсаткичларга эришаётган, касаба уюшмаларида фаол ва шижоатли ёшларни рағбатлантириш;
- ёш ходимларни маданий-маърифий тадбирлар, касб маҳорати бўйича танловларда фаол иштирок этишини таъминлаш.