Бу ва бошқа масалалар Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 15 февраль куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида эътибор марказида бўлди.
Мажлисда депутатлар «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.
Ҳужжат билан истеъмолчи ҳуқуқларининг устуворлиги, истеъмолчига товар (иш, хизмат), савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари тўғрисидаги маълумотлар давлат тилида тақдим этилиши (келишувга кўра, бошқа тилларда ҳам) белгиланмоқда. Шу билан бирга сотувчига бир турдаги товарлар учун ҳақ тўлаш шаклига қараб ҳар хил нарх белгилаш тақиқланмоқда, истеъмолчига нуқсонли ва талабга жавоб бермайдиган товар сотилганлигини аниқлаш билан боғлиқ харажатлар сотувчи томонидан қопланиши тартиби жорий этилмоқда.
Юридик шахс бўлган ишлаб чиқарувчининг (ижрочи, сотувчининг) қуйидаги ҳуқуқбузарликлари учун молиявий санкциялар жорий этилмоқда:
- истеъмолчига мақбул сифатли ёки нуқсонли товарни алмаштириб бериш ва товар нуқсонларини бепул бартараф этиш тартибини бузиш;
- истеъмолчини қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташ;
- кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олиш;
- шартномага истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган ва қонун ҳужжатларига зид бўлган талабларни киритиш;
- яроқлилик муддати ўтган товарларни реализация қилиш;
- норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бермайдиган товар, қалбакилаштирилган озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш, олиб кириш ва реализация қилиш.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик қилиш, агентликнинг назорат хариди, товарлар текшируви ва экспертизасини ташкил қилиши, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича судда иштирок этиш каби ваколатлари мустаҳкамланмоқда.
Депутатлар «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишга доир қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилдилар.
Йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганда уни расмийлаштириш, текширув ишлари ва суд томонидан кўриб чиқиш учун бир ойгача вақт сарфланяпти. Бу фуқароларнинг ортиқча сарсон бўлиши ва қўшимча харажатлар қилишига сабаб бўлмоқда.
Ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида эса тан жароҳати билан боғлиқ бўлмаган йўл-транспорт ҳодисасини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходими иштирокисиз расмийлаштириш асослари, қоидалари ва тартиби белгилаб бериляпти.
Хусусан, лойиҳа билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги ЙТҲ ҳақидаги билдиришномани расмийлаштириш муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод этиш нормаси киритилиши назарда тутилмоқда. қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.
Депутатлар «Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар.
Айрим нормаларга қонундаги мантиқий давомийликни сақлаш мақсадида таҳририй ўзгаришлар киритилди, бир неча ҳаволаки ва бир бирини такрорловчи нормалар чиқариб ташланди. Қонун лойиҳасидаги аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасида ваколатли давлат органларининг ваколатлари ҳақидаги нормалар «Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Қонунда Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари аниқ белгилангани сабабли чиқарилган.
Шунингдек психиатрия ёрдами кўрсатиш бўйича ҳаракатлар устидан шикоят қилиш тўғрисидаги нормалар «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунда тўлиқ баён қилингани учун чиқарилган.
Муҳим янгиликлардан бири руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг электрон Реестри юритилиши ҳақидаги модда акс этганидир. Унга кўра, ягона реестрдан фақат руҳий соғлиқни сақлаш хизмати мутахассисларининг мазкур реестрда сақланаётган ахборотнинг махфийлигини таъминлаган ҳолда фойдаланишига рухсат этилади. қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Жиноят, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ҳамда «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонунга айрим ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонунга Интернетда қонуний ҳисобланмаган ахборотнинг тарқатилишини тақиқловчи нормалар киритилмоқда.
Бу билан оммавий тартибсизлик ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга оммавий даъват этиш, фуқароларни қонун ҳужжатларига риоя қилмаслик ёки уларни бузишга омма олдида, шунингдек ОАВ орқали даъват қилиш, жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон маълумот тарқатиш, порнографияни, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилиш, ўзини ўзи ўлдиришга тарғиб қилиш каби қонунбузарлик ҳолатларининг олдини олиш назарда тутилмоқда.