Вазирлар Маҳкамасининг 19.02.2021 йилдаги «Дипломатик корпус, халқаро ва маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларининг жазони ижро этиш муассасаларига ташрифини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 85-сон қарори қабул қилинди.
Жазони ижро этиш муассасаларига (кейинги ўринларда – ЖИЭМ) ташриф мурожаат асосида ташкил этилади. Республика ва маҳаллий нодавлат ННТ ҳамда ОАВ вакиллари ЖИЭМга ташрифга рухсат олиш учун ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш бош бошқармасига ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қиладилар.
Бунда мурожаат хатида кириш вақти ва мақсади, учрашувда қатнашувчи шахслар ҳамда учрашиладиган маҳкумнинг фамилияси, исми ва отасининг исмини кўрсатилади. Мурожаатга қуйидагилар илова қилинади:
- ЖИЭМга кирувчи шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар (паспорт, ID-картаси ёки бошқа ҳужжатлар) нусхаси;
- адлия органларида давлат рўйхатидан ёки қайта рўйхатдан ўтганлиги ҳақидаги гувоҳнома нусхаси (ННТ учун);
- ОАВ вакилларининг Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида рўйхатдан ўтганлиги ҳақидаги гувоҳнома нусхаси;
- Шунингдек ЖИЭМда ўтказиладиган тадбир (дастур)нинг лойиҳаси.
Республика ва маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда ОАВ вакилларининг ЖИЭМга ташрифини ташкил этиш схема (Низомга 1-илова) асосида амалга оширилади.
ЖИЭМга киришга рухсат олиш тўғрисидаги мурожаат у тушган кундан бошлаб 15 кун ичида ЖИЭББ томонидан кўриб чиқилади ҳамда натижаси бўйича мурожаат қилувчига ёзма (электрон) хабар юборилади.
ЖИЭМга кириш учун рухсат олиш ҳақидаги мурожаат қуйидаги асосларга кўра ЖИЭББ томонидан рад этилиши мумкин:
- қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни, шунингдек, тезкор вазият кескинлашганда (маҳкумлар ва бошқа шахсларнинг ҳаётига жиддий хавф пайдо бўлганда) маҳкумлар, ходимлар, ҳарбий хизматчилар ва муассаса ҳудудидаги бошқа шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида;
- олдинги ташрифлар мобайнида тартиббузарлик ҳолатлари содир этилганлиги аниқланганда;
- ташриф буюрувчилар томонидан ёлғон маълумот тақдим қилинганда;
- фавқулодда вазиятлар (табиий офатлар ва техноген тусдаги вазиятлар) ҳамда карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши даврида.
ЖИЭМга ташриф буюриш учун дипломатик корпус, халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлар ва хорижий ОАВ вакиллари ТИВга, Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтган ташкилотлар эса – Адлия вазирлигига тегишли мурожаатномани юборишлари лозим.
Дипломатик корпус, халқаро ННТлар ва хорижий ОАВ вакилларининг жазони ижро этиш муассасаларига ташрифини ташкил этиш схема (Низомга 2-илова) асосида амалга оширилади.
ТИВ ёки Адлия вазирлиги ЖИЭМга ташриф ҳақидаги мурожаатни олгач, уни 5 иш кунида кўриб чиқади ҳамда белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш бош бошқармасига юборади.
Ушбу Низом ЖИК ва Президентнинг 19.05.2020 йилдаги «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5997-сон Фармонига мувофиқ қабул қилинган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.02.2021 йилдан кучга кирди.
Наргиза Воҳидова.