Вазирлар Маҳкамасининг 27.04.2021 йилдаги 243-сон қарори билан Халқ таълими тизимидаги ташкилотларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомда қуйидагилар акс эттирилган:
- жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ва улардан фойдаланиш йўналишларини белгилаш тартиби;
- жамғарма маблағларининг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартиби;
- жамғарма маблағларининг харажатлари ижросини назорат қилиш тартиби.
Ҳужжатда белгиланишича, 2021 йилдан бошлаб мактаблардаги кам таъминланган оилаларга мансуб ўқувчилар (барча 1-11 синф ўқувчиларининг 15%идан кўп бўлмаган қисми) замонавий ягона мактаб формаси тўпламлари билан бепул таъминланади.
Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари қуйидагилар ҳисобланади:
- давлат таълим муассасалари ва ташкилотларининг кўчмас мол-мулкини ижарага беришдан тушган маблағлар;
- ўқув дастурларида назарда тутилмаган (давлат таълим стандартларидан ташқари) машғулотлар бўйича қўшимча таълим беришдан олинган даромадлар;
- давлат таълим муассасалари ва ташкилотлари фаолият ихтисослиги бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадлар;
- юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
- вақтинча бўш турган миллий валютадаги маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
- муассаса ва ташкилотларнинг илмий, педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи ходимларининг лавозим маошига белгиланган қўшимча ҳақни молиялаштириш учун ажратилган маблағларнинг молия йили якунига қадар ишлатилмай қолган бюджет маблағлари;
- халқаро молия институтлари ва хорижий давлатларнинг грантлари ва техник кўмаклашиш маблағлари;
- қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар.
Халқ таълими вазирлигига бир ой муддатда қуйидагиларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилди:
- биринчи синф ўқувчилари ҳамда касаллиги туфайли якка тартибда уйида таълим оладиган ногирон болалар учун бериладиган ўқув қуроллари тўплами билан текин таъминлаш тартиби;
- кам таъминланган оилаларга мансуб 1-11 синф ўқувчиларини мактаб формаси тўпламлари билан текин таъминлаш тартиби.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.04.2021 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.