Президент Шавкат Мирзиёев 3 июнь куни ер муносабатларини такомиллаштириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.
Давлатимиз раҳбари ерни бозор активига айлантириш, унинг иқтисодий қийматини белгилаш ва молиявий оборотга киритиш бўйича ишларни жадаллаштириш, ер ажратиш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Йиғилишда ерни хусусий секторга мулк ва ижара ҳуқуқи, давлат ташкилотларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бериш таклиф этилди. Мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқлари билан ер ажратиш амалиётлари тугатилади ва ерга бўлган ҳуқуқ турлари 6 тадан 3 тага қисқартирилади.
Ноқишлоқ ерлар хусусий секторга фақат аукцион орқали сотилади. Ушбу ерлар Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахсларига хусусий мулк қилиб сотилади. Ҳоким қарори билан нодавлат секторга ер ажратиш ҳамда ерларни тўғридан-тўғри ва текинга бериш амалиёти бекор қилинади.
Қишлоқ хўжалиги ерларини фақат ижара ҳуқуқи асосида фуқаро ва ташкилотларга (чет элликлардан ташқари) очиқ танлов асосида бериш тартиби киритилади.
Вилоят ва туман ҳокимларининг қишлоқ хўжалиги ерлари тоифасини ўзгартириш ваколати Вазирлар Маҳкамасига ва Президентга ўтказилади. Туман ҳокимларининг ер ажратиш ва қайтариб олиш ҳақида қарор қабул қилиш ваколатини тўлиқ бекор қилиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, ер соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш таклиф этилмоқда.