Вазирлар Маҳкамаси томонидан 15.06.2021 йилдаги «Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматнинг ривожланиш ҳолатини рейтинг баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 373-сон қарор қабул қилинди.
Қуйидагилар тасдиқланди:
- Давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда ҳудудларни рақамли трансформация ҳолатини рейтинг баҳолаш тартиби;
- Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни ривожлантиришни баҳолаш, соҳа кўрсаткичлари ҳисобини юритишни самарали ташкил этиш бўйича «Йўл харитаси»;
- Давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг (кейинги ўринларда – ташкилотлар) расмий веб-сайтига қўйиладиган асосий талаблар.
Маълумот учун! Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:
- рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни ривожлантириш соҳасида ваколатли орган ҳисобланади;
- рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни ривожлантириш доирасида давлат органлари ва ташкилотларнинг ахборот тизимлари, ресурслари ва бошқа дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича лойиҳалари ва техник ҳужжатларини, шунингдек НҲҲ лойиҳаларини мажбурий экспертизадан ўтказади.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташкилотлар ва ҳудудларда рақамли трансформация ҳолатини рейтинг баҳолаш натижаларини умумлаштиради, шунингдек баҳолаш фаолиятида иштирок этадиган давлат органларининг умумий бошқарувини амалга оширади ва мувофиқлаштиради.
Белгиланишича, рақамли трансформация ҳолатини рейтинг баҳолаш ҳар уч ой якунлари бўйича амалга оширилади ва унинг натижалари «Рақамли Ўзбекистон-2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи комиссия йиғилишларида танқидий муҳокама қилинади.
Қабул қилинган Низомга мувофиқ рейтинг баҳолаш рейтинг кўрсаткичлари ва индикаторлари ёрдамида рақамли ривожланиш ҳолатини баҳолаш орқали ташкилотлар ҳамда ҳудудларни энг юқори натижадан энг паст натижагача сараланган рўйхатдан ўрнини белгилашдан иборат.
Маълумот учун! NIS.UZ ахборот тизими – ташкилотлар ва ҳудудларнинг рақамли трансформация ҳолатини рейтинг баҳолаш жараёнларини автоматлаштириш учун қўлланиладиган идоралараро ахборот тизими.
NIS.UZ ахборот тизимининг эгаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳисобланади, у тизимнинг сифатли ва узлуксиз фаолият кўрсатишини таъминлайди. NIS.UZ тизимини янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашни молиялаштириш Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
АКТларни жорий этиш ва ривожлантириш самарадорлиги даражаси аниқланган кўрсаткичларнинг миқдорига қараб, 0 баллдан 100 баллгача рейтингда баҳоланиб, «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифаларга ажратилади.
Рейтинг баҳолаш якунлари бўйича АКТларни жорий этиш ва ривожлантириш самарадорлиги даражаси «яшил» деб топилган ташкилотларнинг ижобий иш тажрибасини бошқа ташкилотлар ўртасида оммалаштириш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилади.
Ташкилотлар ҳар ҳисобот даври якунлангандан кейинги ойнинг 15-санасига қадар ИС NIS.UZ ахборот тизимига ишончли маълумотларни ўз вақтида киритилишини таъминлайдилар.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги баҳолашда иштирок этадиган масъул давлат органлари билан биргаликда ҳар бир ҳисобот даври якунидан кейинги ойнинг 25-санасига қадар NIS.UZ ахборот тизимига киритилган маълумотлар асосида баҳолаш ўтказади ҳамда ушбу ойнинг 30-санасига қадар баҳолаш натижалари тўғрисидаги маълумотларни Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади.
«Ўзкомназорат» давлат инспекцияси NIS.UZ ахборот тизимига ташкилотлар томонидан киритилган маълумотларнинг тўғрилиги ва тўлиқлигига мувофиқлиги юзасидан ўрганишлар ва текширишлар олиб боради.
Ташкилотлар томонидан нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг «NIS.UZ» ахборот тизимига киритилганлиги, уларнинг ўз вақтида киритилмаганлик ҳолатлари аниқланганда, тегишли раҳбарларга нисбатан интизомий чоралар қўлланилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 16.06.2021 йилдан кучга кирди.
Наргиза Воҳидова.