2021 йил 15 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан Жиноят кодексининг 1412-моддаси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 462-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиляпти. Яъни, шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, йўқ қилиш, шунингдек ушбу маълумотларга ишлов беришда уларнинг жисман Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган техник воситаларда ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган ахборот базаларида йиғмасликка нисбатан кучайтирилган жазо чоралари қўлланилади.
Халқ вакиллари «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.
Жиноят кодексининг 1851-моддасининг биринчи қисмига кўра, электр, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳаракат такроран содир этилган тақдирда, ушбу қилмиш жиноят сифатида таснифланади. Шунга асосан, ушбу модданинг биринчи қисмини декриминализация қилган ҳолда, маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқубузарликларнинг сони ортиб бораётганлиги сабабли Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига ҳам ўзгартишлар киритилмоқда. Депутатлар қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан қабул қилдилар.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар ўсимликлар карантини соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқдилар.
Қонун лойиҳаси билан фитосанитария талабларини бузиш орқали содир этилган бир қатор ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Шунингдек, юқори фитосанитар хавфга эга бўлган маҳсулотларни хорижий мамлакатлардан Ўзбекистон Республикасида яшовчи фуқароларга курьер жўнатмаларида юбориш тақиқланмоқда. Қонун лойиҳаси билан ўсимликлар карантини соҳасидаги миллий қонунчилик халқаро стандартларга тўлиқ мослаштириляпти.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар «Ер ҳисоби ва давлат кадастрлари юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.
Қонун лойиҳасида ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, бундай ерларда қурилиш қилиш, ерларни эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаганлик, кўчмас мулк объектларини кадастр рўйхатидан ўтказмаганлик, қишлоқ хўжалиги ерларидан хўжасизларча фойдаланиш, уларни яроқсиз ҳолга тушириш, ерларни яхшилаш тадбирларини кўрмаганлик учун мавжуд бўлган жиноий ва маъмурий жавобгарликларни кучайтириш назарда тутилмоқда.
Фермер, бошқа ер эгалари ўзларига берилган ер ноқонуний эгаллаб олинганлиги тўғрисида хабар бермаганлиги, электр, газ, иссиқлик, сув ва канализация ташкилотлари ноқонуний эгаллаб олинган ерлардаги иморатларни ўз тармоқларига улаб берганлиги ҳамда нотурар объектлар эгалари уларни кадастр рўйхатидан ўтказмаганликлари учун янги маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.