Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzЧто изменилось в перечне ИКПУ сельхозпродукции для общепита Можно ли зачесть НДС, если уплатили его на таможне раньше, чем получили свидетельство плательщика Как составлять бухгалтерский баланс по НСБУ

Юридик хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилади

01.07.2021

Читать на русском языке

Президентнинг 29.06.2021 йилдаги “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5168-сон қарори қабул қилинди.

 

Ҳужжатга асосан 2021 йил 1 октябрдан бошлаб:

  • Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузурида юридик хизмат кўрсатиш марказлари (кейинги ўринларда - Марказлар) республиканинг барча туман (шаҳар)ларида ташкил этилади;
  • Давлат бюджетидан молиялаштириладиган айрим давлат органлари ва ташкилотларининг (кейинги ўринларда - давлат ташкилотлари) туман (шаҳар) бўлинмаларида 1 182 та юридик хизматлар штат бирликлари қисқартирилади. Бўшатилаётган штат бирликлари ҳисобидан Марказлар фаолиятини ташкил этиш учун 1 056 та штат бирликлари ажратилади;
  • давлат ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш билан боғлиқ барча маълумот ва жараёнларни тўлиқ электрон равишда йиғиш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш ва амалга ошириш имконини берувчи "Е-huquqshunos" электрон тизими босқичма-босқич жорий этилади.

 

Қуйидагилар тасдиқланди:

  • Марказлар томонидан юридик хизмат кўрсатиладиган давлат ташкилотларининг туман (шаҳар) бўлинмалари рўйхати;
  • Марказлар тўғрисидаги низом;
  • Марказларни ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатишини таъминлаш бўйича “йўл харитаси”.

 

Марказлар Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган таркибий бўлинма тарзида фаолият юритади ва уларга ҳисобдор бўладилар.

 

Қуйидагилар Марказлар фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

  • юридик хизмат кўрсатиладиган давлат ташкилотлари фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш ва уларга сифатли ва малакали юридик ёрдам кўрсатиш;
  • давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш;
  • давлат ташкилотларининг мулкий ҳамда бошқа ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўз вақтида, ҳар томонлама ва самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш ҳамда улар томонидан қабул қилинаётган ҳужжатларнинг қонуний ҳамда ҳар томонлама пухта ва сифатли бўлишини таъминлаш.

 

Марказларда Марказ бошлиғи ҳамда бош юрисконсульт штат бирликлари жорий этилади. Уларда олий юридик маълумотга эга бўлган ёки ТДЮУ ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш марказида юридик мутахассислик бўйича қайта тайёрлаш курсларини тамомлаган ва белгиланган намунадаги дипломни олган шахс ишлаши мумкин. Марказ бошлиғи лавозимига юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлган шахс тайинланади.

 

Марказлар ходимлари мақоми ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига кўра туман (шаҳар) адлия бўлимлари ходимларига тенглаштирилади, уларга адлия органлари ходимлари учун назарда тутилган мартаба даражалари ва узоқ йил хизмат қилганлиги учун устама ҳақ миқдорлари татбиқ этилади.

 

Марказ ходими сифатида камида 3 йил меҳнат стажига эга бўлган шахс лицензия олиш учун адвокат мақомига эга бўлишга талабгор шахс сифатида адвокатлик тузилмасида стажировкадан ўтмасдан малака имтиҳонида иштирок этиш ҳамда нотариал идорада 6 ой муддат стажировка ўтаб малака имтиҳонини топшириш ҳуқуқига эга бўлади.

 

Марказлар ходимларига суд процессида юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларнинг вакили сифатида қатнашиш ҳуқуқи берилади.

 

Шунингдек, Марказларга ўзининг асосий фаолиятига таъсир кўрсатмаган ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаган ҳолда бошқа юридик шахсларга пуллик асосда юридик хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи берилади. Уларни кўрсатиш тартиби Адлия вазирлиги томонидан белгиланади. Пуллик хизматлардан келиб тушган маблағлар бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади.

 

Туман (шаҳар) давлат ташкилотлари билан Марказлар ўртасида юридик хизмат кўрсатиш доирасида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уни бартараф этишга доир чора-тадбирлар Адлия вазирлиги томонидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.06.2021 йилдан кучга кирди. 

 

Эльмира Сиразиева.