Президентнинг 30.07.2021 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ПФ-6273-сон Фармони қабул қилинди.
Давлат акция пакетлари (улушлари) тўлиқлигича оммавий савдолар орқали хусусий секторга сотиладиган корхоналар рўйхати (27.10.2020 йилдаги ПФ-6096-сон Фармон билан тасдиқланган) изоҳи хатбоши билан тўлдирилди, унга мувофиқ корхона МЧЖга айлантирилганидан сўнг давлат улушининг 70%и сотувга чиқарилади ва 30%и Давлат экология қўмитаси тасарруфида қолдирилади.
Президентнинг 11.02.2021 йилдаги ПФ-6167-сон Фармонида 2021 йилда савдога чиқариладиган давлат активларининг (кейинги ўринларда – объектлар), шунингдек давлат иштирокидаги хўжалик жамиятлари ва давлат корхоналари рўйхати (кейинги ўринларда – корхоналар) рўйхати белгиланди.
2021 йил апрелдан савдога чиқариладиган давлат иштирокидаги хўжалик жамиятлари ва давлат корхоналари рўйхати изоҳи 3-банд билан тўлдирилди, унга мувофиқ давлат улуши миқдори ва корхоналарнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли ўзгарган тақдирда, активларнинг сотилиши ўзгаришларни инобатга олган ҳолда амалга оширилади.
Шунингдек рўйхатга қўшимча киритилган нормаларга мувофиқ:
- ушбу корхоналардаги давлат акция пакетлари (улушлари) Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги «UzAssets» инвестиция компанияси жалб этадиган профессионал ташкилотлар орқали сотилади;
- ушбу иловада кўрсатилган корхоналарнинг устав капиталида давлат улуши устун мавқега эга бўлган корхоналарнинг улуши мавжуд бўлганда, уларнинг улушлари белгиланган тартибда бошқарув органлари қарорлари асосида баланс қийматида устав фондидаги давлат улушини камайтириш ҳисобига Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилиб, яхлит пакетда савдога чиқарилади;
- мазкур корхоналардаги савдога чиқариладиган давлат улуши миқдори ва сотиладиган корхоналарнинг номма-ном рўйхати Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлиги таклифига асосан Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссияси қарори билан тасдиқланади.
Бошқа ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам киритилган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 31.07.2021 йилдан кучга кирди.
Эльмира Сиразиева.