Президентнинг 4.08.2021 йилдаги «Аудиторларни сертификатлаштириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-5210-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ 2021 йил 15 августдан бошлаб Молия вазирлигининг қуйидаги функциялари аудиторларнинг жамоат бирлашмаларига ўтказилади:
- аудиторнинг малака сертификатини олиш учун малака имтиҳонларини (кейинги ўринларда – малака имтиҳонлари) ўтказиш;
- аудитор малака сертификатини бериш, қайта расмийлаштириш, унинг амал қилиш муддатини узайтириш ва унинг амал қилишини тугатиш;
- аудиторларнинг малакасини ошириш дастурларини тасдиқлаш.
Малака имтиҳонларини ўтказиш регламенти, аудиторнинг малака сертификатини бериш, қайта расмийлаштириш, унинг амал қилиш муддатини узайтириш ва унинг амал қилишини тугатиш тартиби, аудиторларни малакасини ошириш дастурлари аудиторларнинг жамоат бирлашмалари томонидан Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
Малака имтиҳонларининг ташкил этилиши ва тузилиши, малака имтиҳонларига тайёргарлик кўриш учун тавсия этилган материаллар ва ўқув дастурлари, шунингдек малака имтиҳонлари натижалари тўғрисидаги маълумотлар аудиторлар жамоат бирлашмаларининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
Малака имтиҳонларида қатнашиш учун талабгорлар ва аудиторнинг малака сертификатига эга аудиторлар ҳақида маълумотлар базаси аудиторлар жамоат бирлашмалари томонидан юритилади. Уларга қуйидаги ҳуқуқлар тақдим этилади:
- малака имтиҳонларини тасдиқланган тартиб ва регламентга мувофиқ ўтказиш учун мустақил равишда биргаликда имтиҳон марказларини ташкил этиш;
- республиканинг барча ҳудудларида малака имтиҳонларини ташкил этиш ва аудиторлар малакасини ошириш мақсадида ҳудудлардаги тармоқларни ривожлантириш.
Ҳужжат билан Республика ҳудудларида аудиторлик фаолияти соҳасида малакали мутахассислар тайёрлашнинг илғор усулларини жорий этиш ва аудиторлик фаолиятининг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди.
Шунингдек қуйидагиларни тасдиқлаш режалаштирилмоқда:
- Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент молия институти, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтининг (кейинги ўринларда – тажриба-синов ОТМлари) «Бухгалтерия ҳисоби» ва «Аудит» фанлари бўйича педагог кадрларини аккредитациядан ўтган ўқув марказларида аудитнинг халқаро стандартлари тезлаштирилган тарзда ўқитиш жадвалини;
- аудиторнинг малака сертификатини малака имтиҳонини топширмасдан бериш ва муддатини узайтириш учун асос бўладиган бухгалтерларнинг халқаро сертификатлари рўйхатини.
2022 йил 1 августдан бошлаб тажриба-синов ОТМларнинг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассислигидаги «Бухгалтерия ҳисоби» ва «Аудит» фанларини АХС бўйича тезлаштирилган тарзда ўқитиш дастурлари жорий этилади.
2021 йил охирига қадар бухгалтерларни сертификатлаш соҳасидаги халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда «Ҳуқуқ» ва «Солиққа тортиш» йўналишлари бўйича натижалари бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида қабул қилинадиган миллий малака имтиҳонини ўтказиш тизимини жорий этиш масаласи кўриб чиқилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 5.08.2021 йилдан кучга кирди.
Эльмира Сиразиева.