Иқтисодиётда нархларни оширувчи омилларнинг сақланиб қолиши шароитида йил якунига қадар инфляция даражасини 10%гача пасайтириш ҳамда иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаш мақсадлари ўртасидаги мувозанатни сақлаб қолиш мақсадида МБнинг асосий ставкаси йиллик 14% даражасида ўзгаришсиз қолдирилди.
Жорий пул-кредит шароитлари ва ташқи вазиятдаги ижобий кутилмалар инфляция прогнозига эришиш бўйича ишончни сақланиб қолишига хизмат қилмоқда.
Иқтисодий фаоллик ва ялпи талаб. Январь-июль ойларида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,9%га ўсиш кузатилган бўлса, 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 6,1%лик ўсиш қайд этилган. Ўз навбатида, кўрсатилган хизматлар ҳажми 2020 йилга нисбатан 20,5%га ва 2019 йилга нисбатан 21,3%га ошди.
Иқтисодиётнинг реал сектори корхоналари ўртасида август ойида ўтказиладиган сўровлар натижаларига кўра, иқтисодий фаоллик индекси 52,8ни ташкил этиб, июль ойи натижаларидан бироз юқори шаклланди. Бунда, индекс таркибида хизмат кўрсатиш соҳасида иқтисодий фаоллик кўрсаткичлари сезиларли даражада яхшиланди.
Январь-август ойларида тижорат банклари кассаларига савдо ва пуллик хизматлардан тушумлар ҳажми 2019 йил ва 2020 йилларнинг мос даврига нисбатан 53% ва 39%га ошди.
Ташқи иқтисодий шароитлар. Ўтган даврда глабал иқтисодий шароитлар асосий озиқ-овқат товарлари ва энергия ресурслари нархининг сезиларли қимматлашиши фонида инфляцион жараёнларнинг тезлашиши ҳамда бунга жавобан кўпчилик ривожланаётган мамлакатларда пул-кредит шароитларининг қатъийлаштирилиши кузатилди.
Жаҳон хом-ашё бозорларида олтин нархи йил бошидан пасаювчи динамикага эга бўлиб, 4-5%га арзонлашди. Мис нархи йил бошидан июнь ойига қадар маълум бир тебранувчанлик билан ўсувчи тенденцияни намойиш этган бўлса, сўнгги икки ойда нархларда пасайиш кузатилди.
2021 йилнинг январь-июль ойлари давомида экспорт ҳажми (олтинсиз) 6,7 млрд. долларга тенг бўлди ва 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 35%га ошди. Ўз ўрнида, импорт ҳажми 13,4 млрд. долларга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 19%га ўсиб, 2019 йил даражасигача етди.
Мамлакатимизга кириб келган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 8 ойда қарийб 4,9 млрд. долларни ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига (3,6 млрд. доллар) нисбатан 35%га, 2019 йилнинг мос даврига (3,9 млрд. доллар) нисбатан эса 26%га ўсди ҳамда аҳолининг истеъмол ва инвестицион фаоллигини қўллаб-қувватловчи омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Инфляция ва инфляцион кутилмалар. 2021 йилнинг август ойи якунлари бўйича йиллик инфляция уч-тўрт ойдан буён деярли ўзгаришсиз қолиб 11,1% даражасида – базавий прогноз кўрсаткичларидан бироз юқори шаклланмоқда.
Август ойи якунлари бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг йиллик ўсиши 15,5%ни ташкил этиб, умумий инфляцияга энг асосий оширувчи ҳисса қўшди. Таъкидлаш жоизки, ёз ойларида мева ва сабзавотлар нархлари ҳамда ойлик инфляция кўрсаткичларида кутилганидек мавсумий пасайиш суръатлари кузатилмади.
Таркибий жиҳатдан барқарор компонентлардан ташкил топган ноозиқ-овқат ва хизматлар гуруҳлари нархларида август ойида йиллик ўсиш суръатлари мос равишда 8,1 ва 7,6%ни ташкил этиб, умумий инфляциянинг секинлашишига хизмат қилмоқда.
Пул-кредит шароитлари. Жорий йилнинг II-III чоракларида иқтисодиётга йўналтирилаётган маблағлар ҳажмининг юқори суръатларда ўсиши таъсирида банк тизими умумий ликвидлигининг сезиларли ортиши кузатилган бўлиб, бунинг натижасида банклараро пул бозоридаги депозитлар бўйича ўртача фоиз ставкалари апрель ойидаги 14,2%дан июль ойида 8,7%гача пасайди.
Марказий банк томонидан пул-кредит сиёсати операциялари бўйича амалга оширилган қатор ўзгаришлар ва тегишли операцион чоралар ҳисобига август ойида пул бозоридаги ўртача тортилган фоиз ставкалари 13,0%га тенг бўлди ва Марказий банк фоиз коридори доирасида ва асосий ставкадан 1,0%лик тафовут билан шаклланди.
Фоиз коридорининг кенгайтирилиши сабабли пул бозорида банклар фаоллигининг ошди. Август ойида жами 8,4 трлн. сўмлик ёки июль ойига нисбатан 47%га кўп операциялар амалга оширилди. Овернайт депозит операциялари ҳажмининг ортиши пул бозоридаги фоиз ставкаларининг фоиз коридори доирасида ва асосий ставкага яқин даражада шаклланишига хизмат қилди.
Прогноз ва хатарлар. Умумий инфляция даражаси ўзгаришсиз қолаётган бўлсада, базавий инфляциядаги пасайиш динамикаси ва амалдаги нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари йил сўнгигача инфляцияни 10%лик прогнозига эришишда қўллаб-қувватловчи омиллар бўлади.
Базавий инфляция даражасининг келгусида янада барқарор пасайиши, энг аввало, ички истеъмол бозорида таклиф ҳажмларини кўпайтириш, ишлаб чиқариш унумдорлигини ошириш ва рақобат муҳитини яхшилаш борасида кўриладиган чоралар самарадорлигига боғлиқ бўлади.
Асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича Марказий банк Бошқарувининг навбатдаги таянч йиғилиши 2021 йил 21 октябрь кунига белгиланган. Йиғилиш якунлари бўйича пресс-релиз эълон қилинади.