Вазирлар Маҳкамаси томонидан Жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни муҳокама қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди (10.09.2021 йилдаги 565-сон ВМҚ).
Низом қуйидагиларни назарда тутади:
- жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни муҳокама қилишни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби;
- жиноятларнинг тури ҳамда хусусиятларидан келиб чиқиб, вакиллари муҳокамада иштирок этиши шарт бўлган давлат органлари ва ташкилотлар рўйхати;
- содир этилган жиноятлар ҳамда суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган шахслар тўғрисидаги ахборотларни умумланггириш ва ҳисобини юритиш бўйича ишчи орган ва унинг вазифалари.
Жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар муҳокамаси:
- содир этилган жиноят ҳолати бўйича - жиноят содир этилган ҳудуддаги маҳаллада жиноят иши қўзғатилган кундан бошлаб уч кун ичида;
- жиноят содир этган шахс бўйича - унинг яшаш жойидаги маҳаллада суднинг қонуний кучга кирган айблов ҳукми ички ишлар органларига келиб тушган кундан бошлаб уч кун ичида ўтказилади.
Оғир ва ўта оғир жиноятлар сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар муҳокамаси Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри даражасидаги секторлар ҳамда давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарлари томонидан жамоатчилик вакиллари иштирокида амалга оширилади. Унча оғир бўлмаган ва ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар - туман (шаҳар) даражасидаги секторлар ҳамда давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарлари томонидан жамоатчилик вакиллари иштирокида амалга оширилади.
Жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар муҳокамаси жараёнида:
- содир этилган жиноят ҳолати бўйича жиноят иши мазмуни;
- жиноятга алоқадор бўлган шахслар тўғрисидаги маълумотларни ошкор этишга;
- шахснинг жиноят содир этилишида айблилик масаласини муҳокама қилишга;
- улар муҳокамада иштирок этишига йўл қўйилмайди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 10.09.2021 йилдан кучга кирди.
Наргиза Воҳидова.