Президентнинг 22.10.2021 йилдаги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5263-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга асосан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни (НҲҲлар) ишлаб чиқиш коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш тартибини жорий этган ҳолда "коррупциядан холи қонунчилик" тамойили асосида амалга оширилади. У қуйидагиларни назарда тутади:
- амалдаги НҲҲларни босқичма-босқич тўлиқ коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш;
- НҲҲлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишга жамоатчилик, илмий ташкилотлар ва мустақил экспертларни кенг жалб қилиш;
- НҲҲлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда ишлаб чиқувчи томонидан коррупциявий омилларни аниқлаш бўйича намунавий шаклдаги саволнома тўлдирилиши ва лойиҳа қабул қилингунига қадар бўлган барча босқичларда унга илова қилиниши. У тўлдирилмаган НҲҲлар лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмайди ва адлия органлари уларни ишлаб чиқувчига қайтаради;
- НҲҲлар ва уларнинг лойиҳаларида адлия органлари томонидан аниқланган коррупциявий омиллар тегишли давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири этиб белгиланиши.
Қуйидагилар тасдиқланди:
- Қурилиш, соғлиқни сақлаш, олий таълим ва давлат харидлари соҳаларидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш натижасида аниқланган коррупциявий омилларни бартарафэтиш бўйича "йўл харитаси";
- 2022-2026 йилларда амалдаги НҲҲларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш режа-графиги;
- 2021 йилда амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш режаси;
- Давлат органлари ва ташкилотларининг НҲҲлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш фаолиятини баҳолаш мезонлари.
2021 йилда амалдаги 190 та НҲҲ коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилиши лозим. "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги, "Аҳоли бандлиги тўғрисида"ги, "Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида"ги, "Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида"ги, "Электр энергетикаси тўғрисида"ги, "Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида"ги, "Туризм тўғрисида"ги ва бошқа қонунлар шулар жумласидандир.
2022 йилдан бошлаб ҳар йили 20 январга қадар амалдаги НҲҲларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш режаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланади.
2022 йил 1 январдан бошлаб илмий ташкилотлар ва олий таълим муассасалари вакиллари ҳамда жисмоний шахслар-мустақил экспертларга НҲҲлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши илмий ва мустақил экспертизадан ўтказиш ҳуқуқи берилади.
Экспертизадан ўтказиш Қонунчилик ҳужжатлари ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш бўйича экспертлар реестрига киритилган жисмоний шахслар томонидан амалга оширилади. Экспертлар реестри Адлия вазирлиги томонидан юритилади.
НҲҲлар ва уларнинг лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш натижалари бўйича тузилган хулосалар тегишли давлат органлари ва ташкилотлари томонидан мажбурий кўриб чиқилади. Уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича тузилган маълумотнома экспертиза ўтказган шахслар ва Адлия вазирлигига юборилади.
Адлия вазирлиги ҳар олти ой якунида давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмат ходимларининг НҲҲлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш фаолиятини баҳолайди. Баҳолаш натижаларига кўра уларга нисбатан рағбатлантириш ёки интизомий жазо қўллаш бўйича чоралар кўриш тўғрисида тегишли таклифларни давлат органлари ва ташкилотларига киритади. Юридик хизмат ходимларини лавозим маошларининг 100%и миқдорида бир марталик пул маблағлари бериш орқали рағбатлантириш масаласи кўриб чиқилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.10.2021 йилдан кучга кирди.
Эльмира Сиразиева.