Президентнинг 26.02.2022 йилдаги “Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-143-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан юқори қўшилган қийматли тайёр чарм-пойабзал маҳсулотларини ишлаб чиқаришни жадаллаштириш, 2026 йилга қадар маҳсулотлар экспортини 2,8 бараварга кўпайтириш вазифаси қўйилмоқда.
Қорақалпоғистон ва вилоятларнинг туман (шаҳар)ларида терини қайта ишлашга ихтисослашган кичик саноат зоналари ҳамда тайёр чарм-пойабзал ва мўйна маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган КСЗ ташкил этилади.
Бунда, белгиланишича:
- КСЗни ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш учун 2022-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида мазкур мақсадлар учун назарда тутилган маблағлар ҳисобидан 90 млрд сўм маблағ ажратилади;
- лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан ташқи инфратузилмани қуриш-таъмирлаш учун маблағлар етишмаган лойиҳалар бўйича уларни қуриш-таъмирлаш билан боғлиқ қўшимча харажатлар, хусусан:
- электр энергия ва газ тармоқлари бўйича - "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ ва унинг ҳудудий филиаллари ҳамда "Ҳудудгазтаъминот" АЖ ўз маблағлари;
- ичимлик ва оқова сув тармоқлари ҳамда автомобиль йўллари бўйича - Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларининг қарорларига асосан тегишлилик бўйича Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан қопланади.
Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида тижорат банкларида умумий қиймати $60 млн микдоридаги кредит линияси очилади. Бунда:
- кредит линияси тижорат банкларидан келиб тушган талабномаларга асосан Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 2022 йил учун тасдиқланган харажатлари доирасида молиялаштирилади;
- кредит линияси устав фондида (капиталида) давлат улуши 50% ва ундан ортиқ бўлган тижорат банкларига уларнинг талабномаларига асосан 3 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда 7 йил муддатгача йиллик 3% ставкада очилади;
- тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектларига замонавий янги ускуна ва технологияларни харид қилиш учун 3 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда 7 йил муддатгача йиллик 5% ставкада кредитлар ажратилади.
Шу билан бир қаторда, ҳужжат билан қуйидагилар назарда тутилмоқда:
- чарм-пойабзал, мўйначилик соҳаси корхоналари ва чорва молларини сўйиш ва терини қайта ишловчи ташкилотлар учун кўзда тутилган солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзларни 2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар узайтириш;
- 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январгача қуйидагилар учун ижтимоий солиқ ставкасини 1% миқдорда ундириш:
- ишлаб чиқарувчининг ялпи тушумида болалар, аёллар ва спорт пойабзаллари, сунъий (эко) чарм, фурнитура, пойабзал қолиплари ва тагликлари ишлаб чиқаришдан тушган тушумнинг улуши ҳисобот даври якуни бўйича камида 60%ни ташкил қилган ишлаб чиқарувчилар;
- ялпи тушумининг умумий ҳажмида пойабзаллар, чарм-атторлик маҳсулотлари ва мўйнадан тайёрланган буюмлар экспортидан тушган тушумнинг ҳажми 80%ни ташкил қилган ишлаб чиқарувчилар;
- чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаси корхоналари томонидан хориждан жалб қилинадиган дизайнер, технолог ва маркетолог мутахассисларининг ойлик иш ҳақи билан боғлиқ харажатларнинг 50%ини, бироқ Тошкент шаҳрида жойлашган корхоналар учун $1 минг эквивалентидан, республиканинг бошқа ҳудудларидагилар учун эса $2 минг эквивалентидан ошмаган миқдордаги қисмини "Ўзчармсаноат" уюшмасининг Чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш.
Шунингдек белгиланишича, терини йиғиш, тўлиқ ҳисобини юритиш ва тўлиқ қайта ишлашга йўналтиришни рағбатлантириш мақсадида:
- жисмоний шахсларнинг тери хомашёсини йиғиш ва тайёрлаш фаолияти ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият ҳисобланади;
- ҳар бир туман кесимида аҳоли зич яшайдиган маҳаллаларда чорва молларини сўйиш ва тери хомашёсини йиғиб олиш бўйича кичик мобиль хизматлар йўлга қўйилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 26.02.2022 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.