Вазирлар Маҳкамасининг 11.04.2022 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун аудитнинг халқаро стандартларини тан олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 171-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4.08.2021 йилдаги «Аудиторларни сертификатлаштириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-5210-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Низомда қуйидагилар назарда тутилади:
- аудитнинг халқаро стандартларини тан олиш учун Халқаро бухгалтерлар федерацияси билан битим тузиш;
- аудитнинг халқаро стандартлари матнини давлат тилига таржима қилиш;
- аудитнинг халқаро стандартларини аудиторлар, экспертлар ва ушбу стандартлардан бошқа фойдаланувчилар, илмий жамоатчилик вакиллари билан муҳокама қилиш;
- аудитнинг халқаро стандартларининг давлат тилидаги матни аудитнинг халқаро стандартларининг инглиз тилидаги матнига мувофиқлигини комиссия томонидан кўриб чиқиш тартиби;
- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аудитнинг халқаро стандартларини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилиш.
Молия вазирлигига аудитнинг халқаро стандартларини давлат тилига таржима қилишда аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари билан ҳамкорлик қилиш, шунингдек 2022 йил 1 ноябрга қадар аудитнинг халқаро стандартлари бўйича бепул ўқитиш таълим платформасини яратиш чораларини кўриш топширилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 12.04.2022 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.