Вазирлар Маҳкамасининг 06.05.2022 йилдаги 239-сон қарори билан Талабалар турар жойларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш учун Давлат бюджетидан субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низом қуйидагиларни белгилайди:
- талабалар турар жойини қуришга субсидия олиш учун мурожаат қилиш ва шерик томонидан маблағлар ажратиш тартиби;
- Давлат бюджетидан ажратилган маблағларни мониторинг ва назорат қилиш тартиби.
Низомга асосан, талабалар турар жойларини қуриш лойиҳаларини амалга ошириш учун хусусий шерикка субсидия лойиҳа-смета ҳужжатлари бўйича бир ўринга тўғри келадиган қийматнинг 50%и, бироқ БҲМнинг 100 бараваридан ортиқ бўлмаган микдорда ажратилади.
Бунда лойиҳаларни амалга ошириш учун тадбиркорлар ўртасида тендер ўтказилади.
Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим ДХШ лойиҳаларининг реестрига киритилганидан сўнг хусусий шерик давлат шеригига (ОТМ) субсидия ажратиш тўғрисида ариза беради.
Давлат шериги аризани 3 иш куни (қўшимча ўрганишлар ўтказиш талаб этилса - 10 иш куни) ичида ўрганиб чиқади ва уни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига юборади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 5 иш куни ичида тақдим этилган аризани ўрганиб чиқиб ва субсидия бериш учун давлат шериги билан субсидия ажратиш юзасидан шартномани имзолайди.
Хусусий шерикка турар жойни қуриш учун икки иш куни ичида давлат шериги томонидан биринчи босқичда талабалар турар жойлари умумий қийматининг 15%и микдорида субсидия ажратилади.
Кейинги босқичларда бажарилган ишлар далолатномаси имзоланган кундан бошлаб 3 иш куни ичида бажарилган ишнинг 50%и миқдорида, биринчи босқичда ажратилган маблағларни инобатга олган ҳолда субсидия ажратилади.
2022-2025 йилларда республика бўйича 228 та (жорий йилда 47 та) талабалар турар жойларини қуриш назарда тутилган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 07.05.2022 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.