Президент томонидан 30.05.2022 йилдаги “Қорақалпоғистон Республикасининг шимолий туманларида тадбиркорликни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор имзоланди. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинган.
2027 йил 1 январга қадар Қорақалпоғистон Республикасининг:
Бўзатов,
Қораўзак,
Кегейли,
Қўнғирот,
Қонликўл,
Мўйноқ,
Нукус,
Тахиатош,
Тахтакўпир,
Хўжайли,
Чимбой,
Шуманай
туманларида (кейинги ўринларда – шимолий туманлар) бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини сотишнинг истисно тариқасида янги тартиби жорий этилади. Ушбу тартибга асосан:
- аукцион савдоларида сотилган нархидан қатъи назар барча харидорларга харид тўловларини 7 йил муддатда бўлиб тўлаш имконияти берилади;
- аукцион савдоларида сотилган давлат кўчмас мулк объектлари бўйича тузилган олди-сотди шартномаларига мувофиқ тўловлар 3 ой ичида тўлиқ тўланганда шартнома қийматининг 25%ига тенг миқдорда чегирмалар берилади;
- жисмоний ва юридик шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларига ижара ҳуқуқи қийматини 5 йил давомида бўлиб тўлаш имконияти яратилади;
- туман ҳокимликлари балансидаги бўш турган бинолар хусусий мактабгача таълим ташкилоти ташкил этиш учун давлат-хусусий шериклик асосида тадбиркорлик субъектларига танлов орқали берилади ва бино туман ҳокимлиги балансида қолдирилади. Уч йилдан сўнг хусусий шерикка давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни имзолаш пайтида баҳоланган қийматнинг 50%и миқдорида ҳақ тўлаш ҳисобига беш йил давомида тўлаш шарти билан тақдим этилган биноларни хусусийлаштириш имкони берилади.
2025 йил 1 январга қадар эксперимент тариқасида шимолий туманлардаги қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган ҳамда янгидан ўзлаштиришга мўлжалланган ер майдонлари инвесторларга 30 йилга қишлоқ хўжалиги фаолиятини юритиш учун ижарага берилади. Бунда:
- ижара ҳуқуқини ютиб олиш учун тўланадиган тўловнинг энг кўп миқдорини таклиф этган талабгор устуворликка эга бўлиб, қолган мезонлар бўйича балл бериш тартиби қўлланилмайди;
- очиқ электрон танлов ғолиби ер майдонларига ижара ҳуқуқини учинчи шахсга сотиши ва ушбу ҳуқуқни тижорат банкидан кредит олиш учун гаровга қўйиши мумкин;
- шимолий туманлардан рўйхатдан ўтиб, мазкур ер майдонларида фаолият юритадиган қишлоқ хўжалигига ихтисослашган тадбиркорлик субъектларига (бундан кластерлар мустасно) ушбу фаолиятдан олинадиган даромади бўйича айланмадан олинадиган солиқ, шунингдек, мазкур туманлардаги қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш ва сақлаш мақсадида фойдаланиладиган ер участкалари ва мол-мулки бўйича юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари 50%га камайтирилади;
- фойдаланишдан чиққан суғориладиган ерларни ўзлаштириш, суғориладиган ерларда ер тузиш, бузилган ерларни рекультивация қилиш юзасидан лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларининг автоматлаштирилган ер-ахборот тизимини яратиш ва янгилаб бориш ишларига Давлат бюджетидан маблағлар ажратилади;
- ҳар бир гектар ерни фойдаланишга киритиш ҳамда заруратга кўра суғориш қудуғини бурғилаш ёки насос станциясини қуриш ва ишга тушириш бўйича харажатларнинг бир қисми Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тузилган инвестиция шартномаси ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим доирасида бир марта қоплаб берилади.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- 2022-2024 йиллар давомида Қорақалпоғистон Республикасининг шимолий туманларида қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар дастури;
- Қорақалпоғистон Республикасининг шимолий туманларида қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган суғориладиган ер майдонларини 2022-2024 йилларда қайта фойдаланишга киритиш кўрсаткичлари.
Лола Абдуазимова.