Президентнинг 27.06.2022 йилдаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинган.
Ҳужжат билан белгиланишича, 2022 йил 1 июлдан бошлаб 2025 йил 1 июлга қадар:
- оммавий ахборот воситалари фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50% камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди, реклама хусусиятига эга бўлган оммавий ахборот воситалари бундан мустасно;
- Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича олиб кириладиган матбаа ускуналари, замонавий фото ва радиотелевизион ускуналар ҳамда қоғоз божхона божидан озод этилади.
2023 йилдан бошлаб тегишли давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда бошқа муассасаларга 110 нусха даврий босма нашрлар ва 67 нусха китоб маҳсулотларининг мажбурий бепул нусхаларини юбориш амалиёти бекор қилинади ва улар томонидан босма маҳсулотларни харид қилиб олиш тартиби жорий қилинади, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси бундан мустасно. Бунда, тегишли давлат органлари томонидан харид қилиб олиш учун Давлат бюджетидан маблағ ажратилади.
2022 йил 1 октябрдан бошлаб болалар учун мўлжалланган теле- ва радиомаҳсулотларни ишлаб чиқариш ва эфирга узатиш бўйича ҳар йили энг яхши 30 та лойиҳа учун ҳар бири БҲМнинг 300 бараваригача миқдорда бўлган танлов эълон қилинади. Бу борадаги харажатлар Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига қўшимча ажратиладиган Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.
Фаол журналистларни мунтазам рағбатлантириш ва улар ўртасида ижодий соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш мақсадида ҳар чоракда:
- ОАВда эълон қилинган 100 тагача энг яхши материал учун муаллифлар (ижодий гуруҳ аъзолари) қуйидан юқорига ўсиб бориш тартибида БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда пул мукофоти билан тақдирланади;
- амалий ва долзарб аҳамиятга эга бўлган 100 тагача энг яхши таҳлилий материални тайёрлаш ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш учун давлат грантлари ва давлат ижтимоий буюртмаларини бериш бўйича танлов эълон қилинади.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги энг яхши материалларни кенг жамоатчилик ва малакали мустақил экспертлар томонидан аниқлаш учун махсус электрон платформани ишга туширади.
2023 йилдан бошлаб журналистлар ўртасида ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган “Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро танлов очиқ ва шаффоф шаклда ўтказилади. Бунда совриндорлар:
- бош миллий мукофот учун – автомобиль;
бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади:
- I ўрин учун – БҲМнинг 200 баравари;
- II ўрин учун – БҲМнинг 175 баравари;
- III ўрин учун – БҲМнинг 150 баравари;
- 12 та рағбатлантирувчи номинациянинг ҳар бири учун - БҲМнинг 100 баравари.
“Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро танловни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар “Илҳом” жамоат фонди маблағлари ҳисобидан қопланади.
Даврий босма нашрлар, китоб ва бошқа матбаа маҳсулотларига масофадан туриб обуна бўлиш ва уларнинг буюртмачигача ўз вақтида етказиб берилишини кузатиб бориш имконини берадиган “Обуна” ягона электрон платформаси яратилади.
2026 йил 1 январга қадар жисмоний шахслар томонидан “Обуна” ягона электрон платформаси орқали обуна қилинган ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, адабий-бадиий, ҳуқуқий, илмий-оммабоп даврий босма нашрлар обуна нархининг 10%, болалар учун мўлжалланган даврий босма нашрлар обуна нархининг 20% миқдори Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан обуначиларнинг банк карталарига бир ой муддат ичида қайтарилади.
Оммавий ахборот воситаларида камида бир йил давомида асосий иш жойи сифатида ишлаб келаётган журналистлар ва таҳририят ходимларининг:
- хорижий тилларга ўқитиш бўйича ўқув курсларида ўқиш харажатларининг 50%и, бироқ БҲМнинг 15 бараваридан ошмаган қисми компенсация қилинади. Бунда, улар хорижий тиллар бўйича В2 ва ундан юқори даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши ҳамда нодавлат таълим ташкилотида ўқиш билан боғлиқ ҳақиқий харажатларни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши лозим;
- хорижий тиллар бўйича В2 ва ундан юқори даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиш учун имтиҳон топшириш харажатлари тўлиқ компенсация қилинади.
2023–2024 йилларда 50 нафар журналист ва таҳририят ходимлари хориж мамлакатларига малака ошириш, стажировка ўташ ва нуфузли медиа тадбирларда иштирок этиш учун юборилади.
Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Матбуотчилар кўчаси, 32-уй манзилида жойлашган “Матбуот уйи” бино ва иншоотлари Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилади. Ушбу бинога даврий босма нашрларнинг таҳририятлари ижара ҳақи тўламасдан (коммунал тўловлар ва кўрсатиладиган бошқа хизматлар бундан мустасно) жойлаштирилиши мумкин.
Лола Абдуазимова.