Вазирлар Маҳкамасининг 22.08.2022 йилдаги 468-сон қарори билан Бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб ёки хатлаб қўйилган мол-мулклар электрон маълумотлар банкини шакллантириш, юритиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Президентнинг 2019 йил 9 сентябрдаги ПФ-5816-сон Фармонига мувофиқ гаров (ипотека) шартномаларини расмийлаштирган банк ва бошқа кредит ташкилотлари мол-мулкка тақиқ қўйиш ва тақиқни ечишни "Нотариус" автоматлаштирилган ахборот тизими орқали мустақил амалга оширади.
2022 йил 1 октябрдан “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимида мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб қўйилганлиги, шунингдек тақиқлаб қўйиш бекор қилинганлиги тўғрисидаги электрон маълумотлар банки жорий этилади.
Тасдиқланган Бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб ёки хатлаб қўйилган мол-мулклар электрон маълумотлар банки тўғрисидаги низом билан қуйидаги тартиблар белгиланади:
- электрон маълумотлар банкини шакллантириш ва юритиш;
- электрон маълумотлар банкидан фойдаланиш;
- маълумотларни электрон маълумотлар банкида текшириш ва назорат қилиш.
Маълумотларни электрон маълумотлар банкига киритишда:
- жисмоний шахсга ва автомототранспорт воситаларига оид маълумотлар - Ички ишлар вазирлиги;
- юридик шахсга оид маълумотлар - Адлия вазирлиги;
- кўчмас мулкка оид маълумотлар - ДСҚ ҳузуридаги Кадастр агентлиги;
- қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларига оид маълумотлар - Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси;
- аттракционлар ва кўтариш иншоотлари (минора кранлари)га оид маълумотлар - Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси;
- кемаларга оид маълумотлар - Транспорт вазирлиги;
- кичик ҳажмли кемаларга оид маълумотлар - Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Кичик ҳажмли кемалар инспекцияси;
- бошқа мулкларга оид маълумотлар - тегишли ваколатли органлар (ташкилотлар)нинг электрон ахборот тизимларидан онлайн равишда реал вақт режимида олинади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.08.2022 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.