Президент томонидан 30.08.2022 йилдаги “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионати фаолиятини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор имзоланди. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинган.
“Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионати Давлат божхона қўмитасига бириктирилади. Ушбу чора-тадбирлар кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни янада такомиллаштиришга қаратилган.
Давлат божхона қўмитаси:
- тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг инфратузилмасини яхшилаш;
- тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш самарадорлигини оширишга қаратилган замонавий услуб ва ижтимоий технологияларни татбиқ этиш;
- кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни протез-ортопедия мосламалари ҳамда реабилитация қилишнинг техник ва гигиеник воситалари билан таъминлаш;
- тиббий-ижтимоий муассасаларда васийликка олинган ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий мослаштириш ва уларга ўз қизиқишларидан келиб чиқиб касб-ҳунар ўргатиш бўйича зарур шароитларни яратиш;
- кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишда Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигига кўмаклашади.
Давлат божхона қўмитасига мазкур вазифаларни амалга ошириш учун қўмитанинг махсус жамғармаси маблағларини йўналтириш ҳуқуқи берилди.
Ҳужжат билан 2022-2025 йилларда “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.
2022 йил 1 октябрдан бошлаб “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларидаги тарбиячиларни ҳар йили камида бир маротаба малака ошириш курсларида ўқитиш тартиби жорий этилади.
Ҳар йили 1 июнь “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни”га бағишлаб “Мурувват” болалар уйларининг тарбияланувчилари ўртасида республика миқёсида спорт мусобақалари уюштирилади.
ДБҚ раисига божхона органлари томонидан аниқланиб, давлат даромадига ўтказилган товар моддий бойликларни Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг асослантирилган сўровларига асосан тиббий-ижтимоий муассасаларга беғараз топшириш ҳуқуқи берилади.
Лола Абдуазимова.