Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzЧем отличаются правила начисления амортизации в целях бухучета и налогообложения К каким видам доходов можно применить льготу по налогу на прибыль участникам СЭЗ Как использовать гарантийное удержание в хозяйственных договорах

Божхона қиймати декларациясини тўлдириш тартиби ўзгартирилмоқда

19.09.2022

Читать на русском языке

ДБҚнинг “Божхона қиймати декларациясини тўлдириш йўриқномасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди (рўйхат рақами 2868-2, 16.09.2022 й.)

 

Ўзгартириш ва қўшимчалар божхона қийматини аниқлаш усулидан келиб чиққан ҳолда декларация устунларини тўлдириш тартибини, шунингдек илова қилинган ҳужжатларнинг рўйхати ва шартларини белгилайди. Улардан айримларини келтириб ўтамиз.

 

Илгари божхона қийматини 1-усул бўйича аниқлашда хавфнинг ўрта ёки юқори даражаси аниқланган ҳолларда, ҳужжатлар рўйхатини тақдим этиш талаб қилинган бўлса, эндиликда бундай хавф аниқланганда ҳужжатлар фақатгина эълон қилинган божхона қиймати мазкур усул бўйича сўнгги 90 календарь кун ичида олиб кирилган божхона қийматидан паст бўлган тақдирда тақдим этилади (ушбу давр бўйича маълумот бўлмаган тақдирда, таққослаш учун 180 календарь кун ичида олиб кирилган товарларнинг нархидан фойдаланилиши мумкин).

 

Ушбу ҳолларда қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

  • жўнатувчи мамлакатнинг божхона декларацияси;
  • баҳоланган товарларни етказиб беришга алоқадор учинчи шахслар билан тузилган шартномалар;
  • баҳоланаётган товарларни етказиб беришга алоқадор учинчи шахслар томонидан бериладиган тўлов ҳисобварақлари.

 

Агар бундай ҳужжатларни тақдим этишнинг иложи бўлмаса (божхона декларацияси бундан мустасно), бундай ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига қамраб олувчи харидор ёки сотувчининг ёзма тушунтиришлари қабул қилиниши мумкин.

 

Шунингдек, эндиликда 1-усул бўйича божхона қийматини аниқлашда битим тарафлари ўртасида ўзаро боғлиқлик йўқлигини тасдиқлаш учун ихтиёрий равишда тақдим этилиши мумкин бўлган қуйидаги ҳужжатлар кўрсатилади:

  • Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб кириш учун сотувчи билан боғлиқ бўлмаган харидорларга сотилганда бир хил ёки ўхшаш товарларнинг нархини тасдиқловчи ҳужжатлар;
  • 4 ёки 5-усуллар билан аниқланган айнан бир хил ёки ўхшаш товарларнинг божхона қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар;
  • сотувчи томонидан Ўзбекистон Республикасидан ташқари бошқа мамлакатларга жўнатилган айнан бир хил товарлар тўғрисида маълумот.

 

2 ёки 3-усул бўйича божхона қийматини аниқлашда тузатиш киритиш лозим бўлган ҳолларда, декларацияни амалга оширувчи шахс  товарни Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига етказиш билан боғлиқ бўлган харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этади. Ушбу ҳужжатлар товарларни етказиб бериш шартлари, транспорт тури ёки географик манзилида фарқ бўлганда тақдим этилиши мумкин.

 

Мисол учун:

  • EXW ва CIP шартлари ўртасида тафовут бўлса;
  • транспорт тури учун ҳаво транспорти ва автотранспорт ўртасида фарқ бўлса.

 

Маълумотлар бир-бирига тўғри келадиган ёки миқдорий жиҳатдан яқин бўлган ҳолларда, шунингдек божхона органлари 2 ёки 3-усулларни қўллаш учун божхона қийматини тақдим этганда  мазкур ҳужжатлар тақдим этилмаслиги мумкин.

 

Бундан ташқари, божхона қийматини ҳисоблаш учун муқобил манбалар сифатида қуйидагилардан фойдаланиш мумкин:

  • расман чоп этилган маълумотномалар;
  • бюллетенлар;
  • биржа котировкалари;
  • ишлаб чиқарувчилар ёки етказиб берувчиларнинг нарх-варақлари, уларнинг ассоциациялари ёки бирлашмаларининг йиғма нархлар маълумотномалари;
  • товар ишлаб чиқарувчи хорижий компаниялар, уларнинг расмий рўйхатдан ўтган дилерлари ёки дистрибьюторларининг маълумотлари, нархлар тўғрисидаги маълумотларни олишнинг давлатлараро ахборот алмашинуви йўлга қўйилган мамлакатлар ваколатхоналари маълумотлари;
  • баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилган баҳолаш ҳисоботлари;
  • ички бозорни ўрганиш далолатномалари;
  • нархлар конъюнктурасини холис шакллантирадиган умумий фойдаланиладиган нархлар тўғрисида маълумотларнинг бошқа ишончли манбалари.

 

Маълумот учун: Божхона кодексига мувофиқ олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлаш қуйидаги олтита усулни қўллаш орқали амалга оширилади:

  • олиб кириладиган товарга доир битимнинг қиймати бўйича – I усул;
  • айнан бир хил товарга доир битимнинг қиймати бўйича – II усул;
  • ўхшаш товарга доир битимнинг қиймати бўйича – III усул;
  • қийматларни чегириб ташлаш асосида – IV усул;
  • қийматларни қўшиш асосида – V усул;
  • захира усул – VI усул.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 16.09.2022 йилдан кучга кирди.

 

Собир Нурбердиев.