Вазирлар Маҳкамасининг 04.11.2022 йилдаги «Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги 645-сон қарори қабул қилинди.
Президентнинг 01.03.2022 йилдаги «Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-81-сон Фармони билан Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси сифатида қайта ташкил этилган ҳамда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси тузилмасига ўтказилган.
Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси тўғрисидаги низом тасдиқланди. У билан қуйидагилар белгиланган:
- Жамғарманинг мақсади, асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;
- Жамғармани бошқариш, унинг маблағларини шакллантириш тартиби;
- Жамғарма маблағларини тақсимлаш;
- Жамғарма ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш шартлари;
- Жамғарма даромадлари ва харажатлари ҳисобининг юритилиши, Жамғарма томонидан ажратиладиган маблағларнинг мақсадли ишлатилишини назорат қилиш тартиби.
Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, шу жумладан ногиронлиги бўлган, кам таъминланган оилалардаги хотин-қизларни моддий қўллаб-қувватлаш Жамғарма маблағлари сарфланадиган асосий йўналишлардан бири ҳисобланади. Хусусан, Жамғарма маблағлари ёрдамида қуйидаги вазифалар ҳал қилинади:
- оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга моддий ёрдам кўрсатиш;
- оилавий ва хусусий тадбиркорликни, ҳунармандчиликни ташкил этишда кўмаклашиш;
- меҳнат бозорида талабгир бўлган касблар бўйича билим ва кўникмага эга бўлишда кўмаклашиш.
Ҳужжат билан Жамғарма Васийлик кенгаши таркиби ҳам тасдиқланди, у унинг олий бошқарув органи ҳисобланади.
Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгиланди:
- Қўмитанинг ҳисоб-китобларига мувофиқ ҳар йили 300 млрд сўмгача бўлган миқдорда Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;
- вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштириш ҳисобидан олинган даромадлар;
- жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;
- қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари миллий базасида эълон қилинган ва 05.11.2022 йилдан кучга кирган.
Лола Абдуазимова.