Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 7 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг бюджетдан ташқари жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги 6-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан Бизнес-омбудсман девонининг бюджетдан ташқари жамғармаси ташкил этилмоқда ва тегишли низом тасдиқланмоқда.
Жамғарма маблағлари:
- Бизнес-омбдусман девонининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;
- ходимларни моддий рағбатлантириш, ўқув курсларида ўқитиш учун сарфланади.
Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:
- Бизнес-омбудсман томонидан қўлланилган жарималар суммаси ҳамда расмийлаштирилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар асосида судлар томонидан қўлланилган жарима суммасининг 100 % миқдори;
Маълумот учун: Бизнес-омбудсман хусусий мулк ҳуқуқини бузиш, тадбиркорлик субъектларида ноқонуний текширишлар ўтказиш, уларни хомийликка мажбурлаш каби жами 9 та турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларни кўриб чиқишга ҳақли.
- техник кўмаклашиш маблағлари, халқаро ташкилотлар, хорижий ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотларнинг грантлари;
- жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
- вақтинча бўш маблағларни тижорат банкларидаги депозитларга жойлаштиришдан олинадиган даромадлар.
Жамғармага раҳбарлик қилиш ва маблағларни сарфлаш масалалари жамғарма Кенгаши томонидан амалга оширилади, Бизнес-омбудсман Кенгаш раиси ҳисобланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 09.01.2023 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев.